«Овозимни бутун қишлоқ эшитади»
20 йиллик жарчининг ҳикояси
Gazeta ва Uklon’нинг ҳамкорликдаги “Отамерос” лойиҳаси бугунгача етиб келган, аммо замон тараққиёти билан аҳамиятини йўқотиб бораётган касблар ва тақдири шу касбларга туташ ўз ишининг усталарига бағишланади. Бу галги қаҳрамон — Қарши туманидаги Чорбоғ-Бойғунди қишлоғи жарчиси Пирназар Бекниёзов.
Gazeta ва Uklon’нинг ҳамкорликдаги “Отамерос” лойиҳаси бугунгача етиб келган, аммо замон тараққиёти билан аҳамиятини йўқотиб бораётган касблар ва тақдири шу касбларга туташ ўз ишининг усталарига бағишланади. Бу галги қаҳрамон — Қарши туманидаги Чорбоғ-Бойғунди қишлоғи жарчиси Пирназар Бекниёзов.
Жарчи деган бир касб бор. Масалан, Наманганнинг Чортоқ тумани Арбағиш қишлоғида тўй эгаси эҳтиёжмандроқ бир қариндошини жарчи қилиб ёллайди. У белгилаб берилган хонадонларга бирма-бир кириб, тўй хабарини етказади. “Тўйхат”ни олган киши эса жарчига кўнгилдан чиқариб пул узатади. Жарчи топган пулларини ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиши мумкин. Буни Арбағишгагина хос одат деса ҳам бўлади.

Ëки Қўқоннинг ҳам айрим манзилларида жарчилар хизматидан фойдаланилади. Улар овозкучайтиргичдан фойдаланиб гоҳ пиёда, гоҳ велосипедда юриб, одамларни тўй ёки жаноза бўлаётган хонадонларга чорлайди.
61 ёшли жарчи
Бизнинг бугунги қисқа ҳикоямиз эса Ўзбекистоннинг бутунлай бошқа тарафи - Қашқадарё вилояти Қарши тумани Шодлик маҳалласи Чорбоғ-Бойғунди қишлоғида яшовчи 61 ёшли жарчи - Пирназар Бекниёзов ҳақида. У 20 йилдирки қишлоқ аҳолисининг ҳам қувончли, ҳам қайғули кунларидан хабар бериб келади.
Қарши шаҳридан чамаси 20 км узоқликдаги Шодлик маҳалласида тўртта қишлоқ бор: Хушвақт, Чорбоғ-Бойғунди, Говхона, Лўндача. Пирназар ака Чорбоғ-Бойғундининг ҳамма одамлари яхши танийдиган меҳнаткаш бир вакили. Жарчилик унга ҳамқишлоғи - раҳматли Эшонқул бободан мерос.

Тўй ёки жанозага хабар берсам, овозим оламни тутади. Ҳеч қандай карнай ёки микрофонсиз чақираман. Кўчабоши “Сизга овозкучайтиргич олиб бераман, шу билан хабар берасиз”, деганди бир. Лекин ҳали олиб берганича йўқ”, — дейди Пирназар ака.
Жарчининг хизмат ҳақи ҳар хил. Ҳар ким кўнгилдан чиқариб, дегандек — кимдир фақат 15 минг сўм, кимдир 30-40 минг сўм ҳам бериши мумкин.

Бугун Пирназар ака ҳамқишлоғи Наврўз аканинг уйида бўлаётган тўй ҳақида жар солади. Бунинг учун қишлоқни бор бўйича томоша қилиш мумкин бўлган Олтинтепага чиқиб бориш керак. Жарчининг айтишича, бу ердан бақирганда уни қишлоқнинг ярми эшитади.
"Аҳли жамоа! Наврўзвойникига тўйга-ҳооо!"
Аммо қишлоқнинг қолган ярмига ҳам тўй хабарини етказиш керак. Бунинг учун ё пиёда, ё машинада, керак бўлса эшак-арава миниб бўлса ҳам қишлоқни айланиб чиқиш керак.

Шу пайт Бакир бобо эшак аравасида Пирназар акага йўлиқди ва жарчининг илтимосига ҳеч бир истиҳоласиз кўнди. Хабар бериш эшак-арава устида давом этди.
Олдин кўп тўйларга хабар берардим, тинмасдим. Энди фақат 100 киши билан тўй ўтказасан, деди-ку, шунинг учун тўйга кўп ҳам чақирмайдиган бўлдим. Асосан, қабристондаги ҳашарга ёки жанозага чақираман.
Пирназар аканинг айтишича, қишлоққа барибир жарчи керак. “Баъзи жойларда жарчиларга кам пул бергани учун кўпчилиги Россияга ишга кетиб қолди”, — дейди у ўз касбининг сақланиб қолишидан умидини узмай.

Жарчилик - Пирназар аканинг асосий иши эмас. Ахир қишлоқ жой, бу ерларда ҳар куни ҳам тўй-тадбир бўлавермайди, онда-сонда бўладиган маросимлар ҳақида жар солишнинг ўзи билан эса рўзғорни бутлаш имконсиз.

Қишлоқнинг ўзига тўқ кишиларидан ҳисобланган Алишер аканинг уйидаги ишларни бажариб, Пирназар ака кунига 45 минг сўм мояна олади. Мол-қўйларнинг гўнгидан ҳосил бўлган чалмаларни ташийди, ҳўкизларга ем тайёрлайди, қўйларни боқади ва яна бошқа шунга ўхшаш майда-чуйда юмушлар.
“Бугун сиз тасвирга оласиз, шу билан овора бўламиз, деб ишга келмоқчи эмасдим. Лекин кампир: “Ишга бораверинг!”, деб қўймади. У кишим дўкондан савдо қилганлар, шунинг пулини ишлаяпмиз-да ҳозир”, — дейди отахон ҳазил аралаш.

Жарчи ёшликдаги хонанда бўлиш орзусига етолмаган, аниқроғи уйдагилари бунга имкон бермаган. Қўшиқчи бўла олмаган бўлса-да, у иш давомида Шерали Жўраев, Ғуломжон Ëқубов каби устоз санъткорларнинг қўшиқларидан ҳиргойи қилади, шу тариқа кўнглини овутади.
Иккинчи ҳунар — самоварчи
Пирназар акани тўй одами деса ҳам бўлади. Уни жарчиликдан ташқари самовар қайнатиш ҳунари ҳам бор. Тўй эгаси Наврўз ака келадиган меҳмонларга чой етказиб беришни ҳам Пирназар акага ишониб топширган.

Самоварга 9 челак сув кетади, қайнагач 50 литр чой тайёр бўлади. Лекин самовар дегани тўй қачон тугаса шунда тинади, самоварчи Пирназар ака ҳам шундан кейин дам олади.

Аксига олиб, бу сафар самовар тешик чиқди. Не бахтки, сув қайнатишга ишлатиладиган иккита бочка ҳам Пирназар аканинг ихтиёрида — чойни энди, ноқулайроқ бўлса-да, бочкаларда қайнатишга тўғри келади.
Пирназар аканинг самимияти, болаларча беғуборлигини қишлоқ аҳли ҳамиша ҳам тўғри қабул қилавермайди. Инсон ўз қадр-қимматини билдириш учун бироз кек сақлаши, кибрли бўлишига зарурат бордек, ўта камтарин жарчининг бундайин самимийлиги ўтган-кетганнинг ғашига тегиши мумкин.

Шу сабабдан уни менсимаган, ўрни келганда ҳурмат кўрсатмайдиган кишилар ҳам топилади. Бироқ Пирназар ака бундай муносабатларга парвои палак. Ўз орзу-ўйлари, ҳаваскорона ҳиргойилари билан кунини ўзича мазмунли ўтказаверади.

Энг асосийси, “ёшим ўтиб қолди, уёқ-буёғим оғрияпти”, деб ётиб қолмаган. Саҳар туради, элни муҳим хабардан огоҳ қилади, Россияда ишлаб келган ўғлига ёрдам бўлсин деб, рўзғорга баҳолиқудрат кўмаклашади.

Ўз касбига ошиқ бу жарчининг овози ҳали ўктам, қишлоқда саҳар туриб тингласанг, унинг ҳайқириғига хўрозлар ҳам жим қулоқ тутади гўё.
Made on
Tilda