Куала-Лумпурга саёҳат
Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / Gazeta
Замонавийлик ва анъаналар уйғунлашган пойтахт
Малайзия пойтахтининг ўрни бундан беш юз йил илгари ҳам ботқоқ ва аҳоли яшамайдиган бир макон эди. Ҳозир эса Куала-Лумпур осмонўпар бинолар ва савдо марказларига тўла, глобал бизнес ва туризм туташган ҳамда турли дин ва миллат вакилларини жамлаган замонавий ва бағрикенг мегаполислардан бири.

Куала-Лумпурга саёҳатга отланишдан аввал ушбу мақолани ўқиб олиш зарар қилмайди. Унда шаҳарнинг меъморий ва тарихий ёдгорликлари, бетакрор масжидларию бошқа ибодатхоналари, савдо марказлари ҳамда осмонўпар биноларидан очиладиган манзаралар, бу шаҳарда нималар қилиш ва қилмаслик керак, бориш шарт бўлган жойлар ва яна бошқа кўплаб муҳим жиҳатлар ҳақида сўз боради.
Шаҳарчадан мегаполисга
1857 йилда асос солинган ва дастлаб кичик кончилик шаҳарчаси сифатида пайдо бўлган Куала-Лумпур номи малай тилида «лойқа икки дарёнинг қўшилиш жойи» маъносини билдиради, яъни шаҳар икки дарё — Гомбак ва Кланг қўшилиши нуқтасида пайдо бўлган.

XIX асрда ва XX асрнинг бошларида Куала-Лумпур Буюк Британия мустамлакаси остида бўлган. Ушбу даврда инфратузилма шаклланиб, у муҳим сиёсий ва иқтисодий марказга айланган. Британия ҳукмронлиги Малайзиянинг кўп қисмига таъсир кўрсатган. Хусусан, қишлоқ сифатидаги жойга керак бўлган ресурслар ва ишчи кучи ҳинд, хитой ва маҳаллий малай жамоаларини бу ерга олиб келган. Шу тариқа шаҳар бошиданоқ юқоридан тилга олингани каби кўп миллатли, кўп динли, кўп тилли бўлиб шаклланган.

Мамлакат 1957 йилда мустақилликка эришгач, янги давлатнинг сиёсий маркази сифатида Куала-Лумпурда инфратузилма, маъмурий бинолар, йирик автойўллар, таълим ва савдо марказлари қурилган. 1970–1990 йиллар давомида ҳукумат дастурлари ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш сиёсати туфайли шаҳар замонавий архитектура, кўп қаватли бинолар ва иқтисодий фаолиятнинг турли соҳалари билан бойиган. Шу тариқа Куала-Лумпур Жанубий-Шарқий Осиёдаги энг тез ривожланаётган мегаполислардан бирига айланган.
Қандай бориш мумкин?
Сиз бу давлатга Uzbekistan Airways авиакомпанияси рейслари орқали боришингиз мумкин. Авиакомпания Тошкент — Куала-Лумпур — Тошкент йўналиши бўйича ҳафталик парвозларни йўлга қўйган. Тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳафтада икки марта амалга оширилади:

  • Тошкентдан учиш чоршанба ва якшанба кунлари соат 23:05 да — Куала-Лумпурга етиб келиш эртаси куни соат 09:35 да;
  • Куала-Лумпурдан учиш душанба ва пайшанба кунлари соат 11:00 да — Тошкентга етиб келиш соат 16:00 да.
Авиачипта нархи бир томонга багажсиз 2 млн 314 минг, багаж билан 2 868 минг сўмдан бошланади. Бориш-қайтиш эса багажсиз 4 млн 304 минг, багаж билан 5 млн 412 минг сўмга тушади. Нархлар мақола эълон қилинган вақт учун актуал, амалдагисини авиакомпаниянинг booking.uzairways.com сайти, иловаси ёки Uzbekistan Airways Sales филиалларидан олиш мумкин.

Парвоз давомида сизга ичимликлар, иссиқ таом ва қўниш олди енгил тамадди ҳамда шиппаклар тарқатилади.
Виза керакми?
Ўзбекистон фуқаролари (2025 йил 1 август ҳолатига кўра) Малайзияга визасиз кира олади ҳамда шаҳарда 30 кунгача қолишлари мумкин. Агар саёҳат муддати узоқроқ ёки мақсади бошқа (ишлаш, ўқиш ва ҳоказо) бўлса, унда алоҳида виза олиш лозим.

Бироқ Малайзияга кирувчи барча хорижий фуқаролар мажбурий Malaysia digital arrival card маълумотномасини олиши шарт. Уни мамалакатга учиб келишдан 1−2 кун олдин тўлдириш керак. Ҳужжатда шахсий маълумотлар, келиш мақсади ва бошқалар киритилади. Саёҳатчи картани тўлдиргандан кейин унинг электрон нусхаси билан аэропортдаги иммиграция назоратидан ўтиш мумкин.
Аэропорт ва шаҳарга етиб олиш
Шаҳар марказидан тахминан 45 километрлик масофада жойлашган Куала-Лумпур халқаро аэропорти (KLIA) иккига: учиб кетиш ва учиб келиш зоналарига бўлинган. Уларни шаттл поездлар боғлаб туради. Йўловчилар мазкур транспорт орқали учиш ва қўниш зоналарига етиб олади. Ушбу терминаллар орасидаги сафар тахминан 1−2 дақиқа давом этади ва поезд манзилга етиб боргач, йўловчилар тушиши учун биринчи навбатда чапдан чиқиш эшиклари очилади, шундан сўнг бошқа тарафдагилари очилади (ёки тескариси).

Алоҳида қайд этиш керакки, қўнганингиздан сўнг аэропорт ҳудудида Wi-Fi тармоғига ҳеч қандай код ва авичипта маълумотларини киритмасдан уланиш имкони яратилган.

Куала-Лумпур аэропорти жамоат транспорти тизими билан ҳам яхши боғланган. Сиз аэропортдан шаҳар марказига етиб олишингиз учун автобус, поезд ва такси вариантлари бор.
Поездлар KLIA Ekspres ва KLIA Transit бўлиб, экспрес шаҳарга тезроқ, транзит эса йўлда бошқа станцияларга тўхташга муҳтож бўлганлар учун қулай. Чипталар фақат бир тарафга катталар учун 55 ринггит (2025 йил 13 ноябрь ҳолатига кўра, $13 атрофида), болалар учун 25 ринггит ($6 атрофида), 6 ёшгача бўлганларга бепул. Транзит йўналишда шаҳар марказигача бўлган бекатларгача нархлар арзон бўлиши мумкин.

Автобуслар ҳам қулай ва кондиционерли. Улар асосий терминалдан чиқишда жойлашган, унга етиб олиш учун LCCT Shuttle Service ёзуви бўйлаб бориш керак. Автобуслар ҳар ярим соатда бир юради (06:30 дан 00:30 гача). Билет нархи бир томонга 10 ринггит ($2,5 атрофида).

Куала-Лумпурда энг оммабоп такси чақириш иловаси бу — Grab. Кўпфункциялилиги жиҳатидан у Ўзбекистондаги «Яндекс Такси»га ўхшаш. Куала-Лумпурда кўча таксиларидан кўра Grab иловаси орқали такси чақириш кўпроқ тавсия этилади, чунки у ҳам арзон, ҳам ишончли, ҳам қулай. Бу сизга аэропортдан шаҳаргача тахминан 60−70 ринггитга ($17 атрофида) тушиши мумкин.
Тавсиялар
Малайзия пойтахти нафақат бинолари, балки иқлими, одамлари ва мароми билан ҳам бошқа шаҳарлардан фарқ қилади. Шунинг учун йўлга чиқишдан аввал бир неча омилларни ҳисобга олиш фойдадан холи бўлмас.
  • Об-ҳаво
    Куала-Лумпур тропик иқлимда жойлашган. Бу шаҳарда йил давомида иссиқ ва нам ҳаво кузатилади. Ҳарорат одатда +25…+35 даража атрофида бўлиб, ёғингарчилик, айниқса, ноябрдан мартгача бўлган даврда кўп бўлади. Сайрга чиққан одам дим ҳаво сабабли тез чарчаши мумкин, шунинг учун, сафарда қулай, енгил кийим кийиш, қуёшдан ҳимояланиш учун кўзойнак тақиб олиш тавсия этилади.
  • Тил
    Мамлакатда расмий тил малай тили, лекин инглиз тили ҳам кенг тарқалган ва кўпчилик одамлар, айниқса, ёшлар ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ходимлар инглиз тилини яхши билади. Шу сабабли, туристлар учун инглиз тилида мулоқот қилиш одатда қийинчилик туғдирмайди.
  • Тўлов
    Расмий валюта — Малайзия ринггити. 1 ринггит одатда 1 RM деб ёзилади. Валюта алмаштириш учун аэропортдан кўра шаҳар марказидаги расмий айирбошлаш пунктлари қулай ва арзон. Visa картаси орқали тўловда қийналмайсиз - улар деярли ҳар қандай хизмат кўрсатиш соҳаси ёки савдо дўконларида топилади. Нақд пул стрит-фуд ёки кичик кўча дўконларида керак бўлиши мумкин.
  • Интернет
    Куала-Лумпурда бепул Wi-Fi`ни топиш осон: у кўплаб кафелар, ресторанлар, меҳмонхоналар қабулхонаси ва савдо марказларида мавжуд, шунчаки, ходимлардан паролни сўраш кифоя. Мамлакатда G туридаги розетка (Буюк Братиния стандарти) ишлатилади. Адаптер олиб келиш тавсия қилинади.

Жамоат транспорти
Автобус, метро ва монорелс соат 06:00 дан 23:00 гача ҳаракат қилади. Айрим махсус автобус йўналишлари, масалан аэропортга борувчилари 24 соат хизмат кўрсатади. Оддий йўналишларда билет нархи 1−3 ринггит (2-8 минг сўм трофида).

Метро ҳам шу вақт оралиғида ишлайди. Йўналиш ва масофага қараб чипта нархи 1−4 ринггит орасида бўлади. Метро шаҳарнинг асосий ҳудудларини, бизнес марказлари, савдо марказлари ва туризм нуқталари билан боғлайди.

Монорелснинг нархи ҳам йўналиш ва масофага қараб 1,5−3 рингит атрофида. Унинг йўналиши 8,6 километрни ташкил этиб, жами 11 та станциядан иборат. Монорелс қисқа масофалар учун қулай, кўпинча шаҳар марказида хизмат қилади. Йўловчиларга шаҳар панормасинини кўриш имконини беради.

Куала-Лумпур жамоат транспортида тўловлар одатда Touch’n Go номли контактсиз электрон карта амалга оширилади. Бу картани аэропортларда, метро станцияларида ёки турли дўконларда (масалан, 7-Eleven, Petronas Mesra) харид қилиш мумкин. Кўчада буюмларингизни доимо назоратда ушлаб юриш тавсия қилинади. Айниқса, гастрономик кўчаларда ва гавжум туристик жойларда.
Қаерларга албатта бориш керак?

Шаҳарни илк бор кўрган одамни ҳайратда қолдирадиган жиҳат — осмонўпар бинолар билан қоришиб кетган анъанавий ибодатхоналар, кўчалардаги турли миллат ва дин вакилларининг ҳамжиҳатликдаги турмуши манзаралари бўлса керак. Қуйида шаҳарнинг албатта бориб кўришга арзийдиган манзиллар, маданий ва тарихий ёдгорликлар, савдо ва дам олиш марказлари ҳақида сўз боради.
1
Petronas Towers
Кириш: бепул
Саёҳатни шаҳарнинг ташриф қоғозига айланган бино — Twin Towers (эгизак миноралар)дан бошламаса бўлмас. Kuala Lumpur City Centre (KLCC) — Куала-Лумпур шаҳри марказидаги бу объект Малайзия идентификациясининг асосий белгисидир. Бу эгизак миноралар мамлакат ҳақидаги реклама роликлари, сайёҳлар учун мўлжалланган ёки давлат имиджини акс эттирувчи ҳар қандай материалда учрайди.

1990 йиллар бошида Малайзия ҳукумати мамлакатни саноатлаштириш, миллионлаб туристларни жалб этиш ва халқаро бизнес марказига айлантириш мақсадини қўяди. Бу ғояни амалга оширишда Petronas компанияси — миллий нефт-газ корпорацияси асосий куч сифатида майдонга чиқади. Айнан шу компания томонидан мазкур бино қурилиши 1992 йилда бошланган ва 6 йилда якунланган. Лойиҳани аргентиналик меъмор Сезар Пелли ишлаб чиққан. Қурилиш ишларининг асосий қисмини Жанубий Корея ва Япония компаниялари бажарган.

Исломий геометрик симметрияга асосланган юлдузсимон структурага эга бино баландлиги 452 метр, 88 қаватдан иборат. Агар юқоридан қаралса, улар икки маротаба бир-бирига туширилган квадратлардан ташкил топган саккиз қиррали юлдузга ўхшайди. Бу ислом меъморчилигида кенг учрайдиган геометрия. Шундай экан, бино ташқи жиҳатдан замонавий бўлса-да, у миллий ва диний эстетика билан боғланган.

Икки минора ўртасидан ўтган кўприк фақатгина эстетик боғловчи элемент бўлибгинма қолмай, хавфсизлик мақсадида қурилган эвакуация йўли ҳамдир. Skybridge 41−42 қаватларда жойлашган ва дунёдаги энг баланд кўприк саналади.
Twin Towers 1998−2004 йилларда дунёдаги энг баланд бино бўлиб турган, сўнгра ўз ўрнини Дубайдаги Бурж Ҳалифага бўшатиб берган (бу ҳақда батафсил Дубай сафари ҳақидаги мақолада ўқишингиз мумкин). Ҳозир у умумий баландлик бўйича дунё топ-20 талигига киради. Қолаверса, энг баланд эгизак миноралар рейтингида биринчилигини сақлаб қолган.

Миноралар остида Suria Mall савдо маркази жойлашган бўлиб, у мамлакатдаги премиум даражадаги тижорат майдониларидан бири саналади. 6 қаватли савдо маркази супермаркет, фудкорт, китоблар, техника ва маиший товарлар, luxury-бренд кийим-кечаклар, косметика ва аксессуарлар дўконлари ва аквариумга эга. Бу ерда сиз учун овқатланишда катта танлов бор: бюджетдан премиумгача.
Савдо маркази фақат шопинг учун эмас, балки марказий шаҳар майдони, яъни одамлар учрашадиган, дам оладиган, кўнгил очадиган макон вазифасини ҳам бажаради. Чунки ундан сиз Куала-Лумпур марказий боғига чиқасиз.
2
KLCC боғи ва Ас-Сякирин жоме масжиди
Кириш: бепул
Эгизак миноралар остида жойлашган 20 гектарлик катта шаҳар боғи пойтахтининг асфальт ва шиша билан тўлган ҳаётига ҳаво ва табиат рангини киритиш мақсадида яратилган. У бразилиялик машҳур ландшафт меъмори Роберто Бурле Маркс томонидан лойиҳалаштирилган. Унда марказий кўл, фонтан, югуриш йўлаклари, болалар майдончаси ва пикник зоналари бор.

Боғ ёнида 1990 йиллар охирида қурилган Ас-Сякирин жоме масжиди ҳам бўлиб, дастлаб у KLCC ҳудудидаги кичик жамоат масжиди сифатида қурилган, аммо эгизак миноралар ва KLCC мажмуаси ўсиши билан у ҳам кенгайтирилган. Бу кенгайтириш вақтда масжидда малай анъанавий услуби ва турк меъморчилигидан илҳомланган элементлар қўшилган.
12 минг кишини сиғдира оладиган масжид номи Ас-Сякирин — «шукр қилувчилар», «шукр аҳли» маъносини беради. Бино минимализмга яқин, аммо исломий идентификацияни йўқотмаган ҳолда қурилган.

Ташқи ҳовлисида табиий ҳаво айланиш имконияти бор ва бу Куала-Лумпурнинг иссиқ иқлимига мос тушади. Шаҳар марказида, осмонўпар бинолар орасидаги бу масжид Малайзиянинг замонавийлик ва анъанавийлик концепциясини яққол кўрсатиб туради.
Хулоса қилиб айтганда, сиз Twin Towers`га келиш орқали бирданига учта локацияни кўриб кетиш имконига эга бўласиз.
3
Мустақиллик майдони
Кириш: бепул
Мустақиллик майдони (Merdaka Square) — Куала-Лумпур марказида жойлашган тарихий майдон бўлиб, Малайзия учун давлат мустақиллиги рамзи. Айнан шу ерда 1957 йил 31 августда мамлакат Буюк Британиядан расман мустақиллигини эълон қилган ва биринчи марта давлат байроғи кўтарилган.

Британия мустамлакаси даврида крикет майдони сифатида фойдаланилган майдон шу кундан бошлаб миллий хотира ва фахр жойига айланган. Унинг атрофида миллий тарих, ислоҳотлар ва меъморчиликни акс этувчи муассасалар ҳам жойлашган.

Улардан бири Sultan Abdul Samad биноси бўлиб, XIX аср меъморчилик ёдгорлиги ҳисобланади. Мазкур объект шаҳарнинг асосий тарихий рамзларидан биридир, бироқ султон бу бинога бевосита алоқадор бўлмаган, бу ёндашув ўша давр сиёсий эҳтиром анъаналарига мос бўлган.
1894−1897 йилларда қурилган бу бино Британия мустамлака маъмурияти учун хизмат қилган, ҳозир эса бу ерда Малайзия Маданият вазирлиги жойлашган.

Бинода мавританча, исломий ва қисман ҳинд-инглиз услуби элементлари қўлланган. Унинг ўртасидаги соат минораси асосий визуал марказ ҳисобланиб, баландлиги 41 метрни ташкил қилади. Кечқурун ёруғликда бино олтин-қизғиш рангда ёниб, ажиб манзара ҳосил қилади.
Ҳозирда бинони сақлаш ва маданий марказ сифатида ривожлантириш мақсадида реставрация ишлари кетмоқда. Бинонинг ташқи кўриниши кўпчиликка очиқ, аммо ички қисмига кириш чекланган.
4
Жамек масжиди
Кириш: бепул
Мустақиллик майдонидан бироз юрсангиз, қаршингизда Жамек масжиди чиқади. У 1909 йилда қурилган бўлиб, шаҳарнинг марказида, икки дарё — Кланг ва Гомбакнинг қўшилиш жойида қурилган. Бу масжид архитектурасида ҳинд ва мавританча услублар акс этган. Унинг уч йирик гумбази ва икки минораси мавжуд.

Ҳозирги кунда Жамек масжид нафақат ибодат жойи, балки туристлар учун ҳам қизиқарли манзил ҳисобланади.
Масжид атрофидаги боғлар, кўчалар ва дарё бўйи сайёҳларга дам олиш ва шаҳарнинг тарихий қирраларини ўрганиш имконини беради. Ана шундай нуқталардан бири эса бу — River of life.
5
Ҳаёт дарёси
Кириш: бепул
Шаҳардаги икки дарё туташган нуқта шундай аталади ва бу бежиз эмас. Бир вақтлар бу жойлар қаровсиз ерлар бўлган. Ўшанда Малайзия ҳукумати ифлосланган Кланг дарёсини тижорат қийматига эга гуллаб-яшнаётган ва жонли қирғоққа айлантириш учун River of life (Ҳаёт дарёси) номли ободонлаштириш ва экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли лойиҳага старт берган.

2011 йилда бошланган ишлар давомида дарёни тозалаш, унинг сув сифатини яхшилаш ва қирғоқбўйини ободонлаштиришга киришилган.
Бу лойиҳа орқали дарё атрофидаги жойлар тозаланган, сув билан боғлиқ муаммолар бартараф этилган ва кўплаб туризм зоналари, кафе, ресторанлар ва савдо марказлари яратилган.
6
Марказий бозор
Кириш: бепул
Дарё бўйлаб жануб томон юриб бораркансиз, кўзингиз Марказий бозор (Central market)га тушади. 1888 йили очилган бу жой асосан маҳаллий аҳоли учун озиқ-овқат ва кундалик маҳсулотларни сотувчи муассаса эди.

Кейинчалик у маданий марказга айлантирилди ва бу ерда туристик товарлар кенг сотила бошланган.
Бу ерда совға ва эсдалик буюмлари танлови жуда катта — ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар, қуритилган мева ва чойлар, маҳаллий кийим-кечаклар ва бошқалар.

Бозор атрофида маҳаллий ва халқаро таомларни таклиф қиладиган кўплаб кафе ва ресторанлар ҳам мавжуд.
7
Куала-Лумпур минораси
Кириш: бепул. Кузатув майдонига чиқиш: 140 ринггит ($34 атрофида).

Куала-Лумпур минораси (KL Tower) шаҳарнинг энг машҳур иншоотларидан бири саналиб, у 1996−1998 йиллар оралиғида қурилган. Баландлиги 421 метр бўлган минора қурилиши радио ва телекоммуникация сигналларини узатиш мақсадида бошланган бўлса-да, у ерда кузатиш майдончаси, ресторанлар ва турли маданий тадбирлар учун майдончалар ҳам ўрин олган.
Кузатиш майдончаси 276 метр баландликда, у ерга чиққан ташриф буюрувчилар шаҳарнинг бутун кўриниши билан танишиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, минора остида дам олиш зонаси, ресторан ва дўконлар жойлашган.
Бир деганда бутун шаҳарни кўришни ва Куала-Лумпур кўз олдингизда кафтдек намоён бўлишини истасангиз, бу нуқта айни муддао бўлади.
8
Бату ғорлари
Кириш: бепул
Бату ғорлари (Batu Caves) шаҳар марказидан тахминан 13 км узоқликда жойлашган ва у ерга автобус ёки поезд орқали етиб бориш мумкин. Ушбу манзил Малайзиядаги энг қадимий ва машҳур ҳинд зиёратгоҳларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ҳиндуизмнинг Шива маъбудига бағишланган ибодатхона жойлашган.

Транспортдан тушаркансиз, сизни улкан сариқ рангли ҳайкал, юқорига чўзилган ранг-баранг зинапоялар ва улар ортидаги яшил чўққилар қаршилайди. Тепадаги ғорга кириш учун 272 зинапоядан иборат йўлни босиб ўтиш керак. Бу зинапоялар сайёҳларни ҳайратга солувчи ажойиб манзараларни тақдим этади.

Ғорлар ичида бир неча ибодатхона ва ҳиндлар учун муқаддас ҳисобланган ҳудудлар жойлашган. Ундаги ҳарорат ва намлик даражаси сайёҳлар учун қулай бўлиб, табиий ҳаво ва нурлар бетакрор атмосфера яратади.
Пастда қолган, баландлиги 42,7 метр бўлган катта сариқ рангли Муруган маъбудининг ҳайкали Осиёдаги ҳинд маъбудлари шарафига ўрнатилган энг катта ҳайкал ҳисобланади.

Бату ғорлари нафақат диний зиёратгоҳ, балки кенг миқёсли сайёҳлик маркази ҳам. Бу ерда маҳаллий сувенирлар сотиладиган дўконлар ва турли ошхоналар бор.
Бу ерда диққатни тортадиган яна бир жиҳат — маймунлар. Улар шу даражада кўпки, оёқ остида ўралишиши, қўлдаги ўзи учун қизиқ кўринган буюмларни олиб қочиши ва баъзида шериклари билан ошкора муштлашув бошлаб юбориши ҳам мумкин.
9
Миллий масжид (Negara)
Кириш: бепул
Куала-Лумпурдаги Миллий масжид мамлакатнинг энг катта ва муҳим масжидларидан бири бўлиб, Малайзиянинг миллий маданияти ва диний меросининг рамзи ҳисобланади. 1965 йили очилган бу масжид шаҳарнинг меъморий ва маданий ҳаётидаги энг кўзга кўринарли манзиллардан бири ҳам.

Унинг архитектурасидаги энг кўзга ташланадиган хусусияти — деворлари ва 16 бурчакли ёпиқ томи. Томнинг дизайни Малайзиядаги 13 та ҳудудни ифодалайди. Масжиднинг умумий ҳудуди ва бир вақтда 15 000 намозхонни қабул қилиш имкониятига эга.
Масжид атрофидаги боғлар, фавворалар ва осойишта муҳит меҳмонлар ва зиёратчилар учун жуда қулай ва жозибадор бўлиб, бу жойлар маданий тадбирлар, диний таълим ва жамоат учрашувлари учун ҳам хизмат қилади.
10
Alor гастрономик кўчаси
Alor гастрономик кўчаси (Jalan Alor) шаҳарнинг энг машҳур ва жонли кўчаларидан бири бўлиб, асосан турли миллий ошхоналар ва кўча таомларини тортиқ қилади.

Бу — кўча овқатини синаб кўришдан қўрқмайдиганлар учун энг мос жой. Алорда малай, ҳинд, хитой ва бошқа халқлар ошхоналари билан таниши мумкин.
Бу кўча шаҳарнинг марказий қисмида, Bukit Bintang ҳудудида жойлашган. У ҳақиқий маънода тунги вақтда жонланади. Шундан ҳам Куала-Лумпурда куну тун ҳаёт қайнашини тасаввур қилиш мумкин.
10
Bukit Bintang ҳудуди
Jalan Alor кўчаси яқинида Куала-Лумпурнинг кўнгилочар, савдо ва маданий маркази сифатида танилган Bukit Bintang ҳудудига тушасиз. Бу жой шаҳардаги туристлар ва маҳаллий аҳоли учун асосий истироҳат нуқтаси ҳисобланади, у ерда ҳар хил савдо марказлари, ресторанлар, клублар ва озиқ-овқат мажмуалари жойлашган.

Bukit Bintang шаҳар марказида, Куала-Лумпурнинг асосий транспорт ва туризм оқимлари ўртасида жойлашган. Бу ҳудуднинг географик жойлашуви унга ҳар томондан осонликча етиб бориш имконини беради.
Bukit Bintang`да шаҳарнинг энг катта ва машҳур савдо марказлари, масалан, Pavilion Kuala Lumpur, Lot 10, Fahrenheit 88 ва Berjaya Times Square каби катта комплекслар жойлашган. Бу ерда дунёдаги энг машҳур брендлар ва маҳаллий дизайнерларнинг маҳсулотлари сотилади.
10
China Town
Бу жой Малайзиянинг Хитой жамоаси маданияти ва тарихи билан боғлиқ бўлиб, у Петалинг кўчасида, Куала-Лумпурнинг эски қисмларидан бирида жойлашган. Ҳудуд кичик кўчалар ва савдо дўконлари билан тўлган бўлиб, сайёҳлар учун сувенирлар, кийим-кечак, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва турли хил товарлар сотилади.

Петалинг кўчаси ва атрофидаги йўлакларда кўплаб графитлар учрайди. Бу графиттилар China Town`га ўзгача руҳ ва, айни дамда, замонавийлик ҳам бағишлайди, маҳаллий санъаткорлар ва ёшлар томонидан яратилган кўча рассомчилиги сайёҳларни жалб қиладиган муҳим элементга айланган. Ҳар бир графитти ўзида бирор ҳикояни мужассам этган бўлиб, аксарияти Куала-Лумпурнинг кўпмиллатли жамияти ва маданиятини акс эттиради.
Нималардан еб кўриш керак?
Малайзия таомлари гўё хитой, ҳинд ва тай ошхонасининг қоришмасига ўхшайди. Жанубий-Шарқий Осиёга илк бор келган киши учун улар дастлаб бироз ёқмаслиги ҳам мумкин. Чунки ғайриоддий масаллиқлар, ўткир ҳидли зираворлар ва бутунлай тушунарсиз номлар иккилантириб қўяди.

Шундай бўлса-да, айрим таомларни қўрқмасдан сизга тавсия қилишга қарор қилдик. Ахир бир неча кунга Ўзбекистондан ташқарига чиқиб, яна ўзбек ошхонасини қидириб юрмайсиз-ку, тўғрими? Саёҳатдан мақсад — янги таассуротлар, янги ҳиссиётлар, шунингдек, янги таъмларни кашф қилиш эмасми?

  • Сатэй
    Денгиз маҳсулотлари, товуқ ёки мол гўштидан тайёрланадиган бу таом тайёрланиши ва кўринишидан ўзбекча шашликка ўхшайди, фақат ҳажми кичикроқ. Лекин шашликка қўшиб бериладиган ерёнғоқ қайласи сизга бутунлай янги бир таъмни тақдим этса ажаб эмас.

  • Наси ламак
    Кокос сутида пиширилган гуруч қовурилган товуқ гўшти ёки балиқ, пиёз, қайнатилган тухум, бодринг ва аччиқ соус билан бирга, банан баргларига солиб, дастурхонга тортилади. Бу таомни малайча палов деса ҳам бўлади, у Малайзия миллий таомлари орасида энг таниқлиси ҳам.
  • Тех тарик
    Бу сутли қора чой бўлиб, Малайзиянинг миллий ичимлиги ҳисобланади. Чой бир идишдан иккинчисига баланддан қуйиш орқали кўпиртирилади ва шунда унинг ўзига хос таъми ҳосил бўлади. Бу чойни иссиқ ҳолида ҳам, совитилган ҳолда ҳам ичиш мумкин.
Уйга нима олиб кетиш мумкин?
  • турли хил чойлар ва маҳаллий кофе турлари (масалан, White Coffee жуда машҳур);
  • анъанавий батик техникасида тайёрланган мато ва кийимлар (масалан, шарфлар ва кўйлаклар);
  • маҳаллий ширинлик ва снеклар (масалан, Kuih-Muih номли анъанавий малай ширинлиги);
  • қўлда тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари (масалан, қоғозга тикилган лотос гуллари, маҳаллий санъат асарлари, ҳайкалчалар);
  • KL Tower, Batu Caves, Petronas Twin Towers каби машҳур жойларни акс эттирувчи магнитлар, откриткалар ва бошқа кичик совғалар.
Шундай қилиб, Куала-Лумпурни замонавийлик ва анъаналар уйғунлашган шаҳар, дейиш мумкин. Агар Жанубий-Шарқий Осиё қалбини ҳис этмоқчи бўлсангиз, албатта Куала-Лумпурга ҳам кириб ўтинг.

У нафақат архитектураси, осори-атиқалари, паркларию таомлари билан, балки, мақоламиз бошида таъкидланганидек, турли дин ва миллат вакилларини тотувликда бирлаштирган маданий муҳити билан кишини ҳайратга сола олади.

Қаерга бўлса ҳам, албатта саёҳат қилинг!
Материал Uzbekistan Airways авиакомпанияси кўмагида тайёрланган

Матн ва фотосуратлар муаллифи: Шоҳруҳ Ҳайдаров.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda