Жиддадан келтирилган «Ал-Мусалла», «Қонаётган юрак» ва «Юлдузлар уммони»
Бухоро биенналесидаги инсталляциялар
Замонавий санъат биенналесидаги халқаро ва маҳаллий ижодкорлар коллабрацияси асосида яратилган лойиҳалар, замонавий ёндашув анъаналарни инкор этмаслиги, аксинча, ўзига хос санъат асарларининг яратилишига сабаб бўлиши мумкинлигига бир исботдир. Gazeta бунга мисол бўладиган инсталляцияларни жамлади.
Замонавий санъат биенналесидаги халқаро ва маҳаллий ижодкорлар коллабрацияси асосида яратилган лойиҳалар, замонавий ёндашув анъаналарни инкор этмаслиги, аксинча, ўзига хос санъат асарларининг яратилишига сабаб бўлиши мумкинлигига бир исботдир. Gazeta бунга мисол бўладиган инсталляцияларни жамлади.
Бухорода 5 сентябрда бошланган «Қалблар дардига дармон» замонавий санъат биенналесининг тугаш санаси 20 ноябрдан 23 ноябрга кўчирилган. Gazeta аввалроқ кўргазмани қандай томоша қилиш ҳақида қўлланма тайёрлаб, унда асосий инсталляциялар ҳақида ҳам ҳикоя қилган.

Аммо 140 дан ортиқ ижодкорнинг 70 дан зиёд арт лойиҳасини ўзида жамлаган биенналенинг бошқа, қолган лойиҳалари ҳам бир-биридан ажойиб ва ўзига хос. Шундай экан, турли муаллифларнинг қалбларга дардига дармон бўладиган рецептлари билан танишиш зиён қилмайди.
«Ал-Мусалла»
Кўргазманинг меъморчилик йўналишидаги бетакрор объектларидан бири EAST Architecture Studios меъморлик бюроси, АКТ II халқаро инженерлик компанияси ва рассом Рейян Табет билан ҳамкорликда, рассом Анни Алберснинг «On weaving» номли китобидан илҳомланилган шу номли лойиҳадир.
У илк бор 2025 йил январда Саудия Арабистонининг Қирол Абдулазиз халқаро аэропортида бўлиб ўтган Ислом санъат биенналесида намойиш қилинган. Diriyah Biennale фондининг халқаро архитектура танлови — «Ал-Мусалла»да биринчи ўринни эгаллаган ушбу лойиҳа Жиддадан Бухорога ACWA Power энергетик компанияси томонидан олиб келинган.

«Иншоот 150 та хурмо дарахтининг икки тоннадан ортиқ пўстлоқларини қайта ишлаш натижасида бунёд этилган. Ип ҳолига келтирилган толалар табиий бўёқлар билан бўялган. Масалан, қизил учун заъфаронли хинадан, сариқ учун куркума, яшил учун бўлса зайтун мойидан фойдаланилган», — дейди биеннале медиатори Зебунисо Абдуллаева.
реклама
реклама
Лойиҳа зиёратгоҳлардаги ҳовли типологияси, Саудия Арабистонида хурмо дарахтидан қурилиш материали сифатида фойдаланиш анъанаси ва Форс кўрфази минтақасига хос бўлган қадимий тўқимачилик технологиясига ишора қилувчи санъатни бирлашган. жами 80 кишига мўлжалланган инсталляция қисмларга ажратилган бўлиб, унда аёл ва эркаклар алоҳида ибодат қилиши мумкин.

«„Ал-Мусалла“ лойиҳаси Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги умумий исломий ва маданий анъаналарни акс эттиради. Лойиҳа Ипак йўли бўйлаб тарихий боғлиқликни қайта эслаш, анъаналарга таянган барқарор дизайн яратиш ва замонавий архитектура меросни қандай сақлаши мумкинлигини кўрсатишга қаратилган», — дейди биеннале медиатори Зебунисо Абдуллаева.
«Шифо»
Кўргазмадан истеъдодли фотограф Бехзод Болтаевнинг фотосуратлари ҳам ўрин олган. Топширган 100 та ижодий ишидан 9 таси саралаб олинган муаллиф биеннале мавзусидан келиб чиқиб, суратларига «Шифо» деб ном берган. Бунга маънавий озиқани қалб учун энг яхши шифо, деб билиши қайчидир маънода сабаб бўлган.
«Санъатнинг маънавий озиқа беришдаги роли беқиёс. Фотография санъатининг эса ҳиссиётлар, идрок ва хотирага катта таъсир қилишига ишончим комил. Суратлар томошабинни фикрлашга ундайди, уларнинг ёдида қолади хамда кун сайин ноёблашиб бораётган одамлар орасидаги меҳр-оқибат, мурувват туйғуларини уйғотади», — дейди Беҳзод.
Бехзод Болтаевнинг биенналедан ўрин олган суратлари
Болалик даври, оила қуриш, фарзандли бўлиш ва ҳаётнинг охирги манзилини ўзида акс эттирган суратлар шамолдек учиб ўтадиган умрга ишора қилади. Беҳзод бу ишларни намойиш қилишда янгича услубдан фойдаланиб, керамикага чоп этган. Бунда у керамикачи-мусаввир Дилноза Каримова билан ҳамкорлик қилган.

«Суратларда бироз контраст — оқ ва қора билан ишлаган бўлишим мумкин, лекин фотографияда фильтр ва шу каби воситалар билан ишлашни ёқтирмайман. Дунёга фотошопсиз ҳам гўзал ижод қолиш мумкинлигини кўрсатишни хоҳлайман», — дейди у.
«Ал-Жабр ва Ал-Жазр: даволаш алгоритми»
Арабистонлик меъмор ва рассом Аҳмад Ангавийнинг ўзбекистонлик Элёр Жумаев билан ҳамкорликда яратган инсталляциясини — оддийлик ва мантиқ, фан ва ҳунармандликнинг ўзига хос умумлашуви дейиш мумкин.
«„Ал-жабр“ ва „Ал-жазр“ атамаларининг этимологиясини ўрганган Ангави парчаланган қалб, геометрия ёки рақамларни билим орқали қандай қилиб мувозанатга келтириш мумкинлигини тасвирламоқчи бўлган. Бу ғояга Бухороданинг анъанавий ёғоч ўймакорлиги ёрдами билан „ҳаёт берган“», — дейди Зебунисо Абдуллаева.
Фото: Аҳмад Ангавининг Instagram саҳифасидан
реклама
реклама
Элёр Жумаевнинг ёғоч панжарали «экран»и алгебра формуласидек аниқ ва ўзгармас кўринишда. Унинг ортидаги ранглар эса алгоритмик ритмда ҳаракатланади. Зебунисо Абдуллаеванинг таъкидлашича, бу Ибн Синонинг ранглар терапияси билан боғлиқ. Унга кўра, қизил — ҳаётий куч, сариқ — тинчлик, кўк ранг эса хотиржамликни ифодалайди.
«Қонаётган юрак»
Ўзбекистонлик ижодкорлар — зардўз Нодир Расулов, сўзаначи Мадина Қосимбоева ва ёғоч ўймакори Абдулла Абдураззоқов билан ҳамкорлик қилган франциялик Ева Жоспеннинг «Қонаётган юрак» асари икки хил маънони ўзида акс эттиради.
Асоси ёғочдан ишланган мовий фондаги қизғиш-жигарранг ва яшил рангли кашталарда бошқа бир номи «Қонаётган юрак» бўлган дицэнтрани кўриш мумкин. Шунингдек, айни вақтда инсоннинг ички ҳолати — яраланган қалбга ҳам ишора қилинади.

«Асарнинг „Қонаётган юрак“ деб аталиши бежиз эмас. Тасвирга яхшилаб назар ташланса, ўсимлик ўсгани сари очилиб, гуркираганини пайқайсиз. Бу кун келиб қалбдаги яралар битиши, юраги парчаланганига қарамай, инсон яшашда, гуллаб-яшнашда давом этиши мумкинлигини ифодалайди», — дейди Зебунисо.
«Юлдузлар уммони»
Тарихий карвонсаройнинг қоқ ўртасидаги — ёрқин ранг ва замонавий абстракт тасвир ташриф буюрувчилар эътиборидан четда қолмайди. Биенналедагиларга фотомайдонча вазифасини ўтаётган ушбу инсталляция номсиз бўлиб, у бразилиялик муаллиф Марина Перез Симаоннинг лойиҳасидир.
Ранг ва динамик шакллар билан борлиқ ҳақида мулоҳазага ундайдиган ижодкор ушбу лойиҳани Бухоронинг Минорайи Калони, Мир Араб мадрасаси, Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф мажмуаси каби диққатга сазовор жойларнинг таъмирлаш ишларида иштирок этган реставрациячи меъмор Бахтиёр Бобомуродов билан ҳамкорликда амалга оширган.
Медиаторнинг тушунтиришича, керамик мозаикада юлдузлар уммонини акс эттириш учун Марина географик координаталарни аниқлаш имконини берадиган астралябиялар, шунингдек, минтақанинг само илмига қизиққан тарихий шахслари — астрономлар, математик ва шоирларидан илҳомланган.

«Иложсиз, умидсиз қолган ёки тушкунликка тушган одам одатда самога боқиб, ундан жавоб излашини яхши билган муаллиф кўкдан карвонсарой поли узра ёғиладигандек тасаввур пайдо қиладиган, одамларга сайр қилиш, рақсга тушиш ва санъатга яқинлашиш имконини берувчи хаёлий коинот харитасини яратишни мақсад қилган», — дейди Зебунисо.
«Бир матонинг парчаси»
Миграция, ўзлик, мустамлакачилик, шунингдек, Марказий Осиё ва унинг диаспорасидаги хотин-қизларга нисбатан муносабатларни ўрганувчи Азиза Қодирий ҳам кўргазмада ўз лойиҳаси билан иштирок этган.
Муаллифнинг Америкада сув хўжалиги ва мелиорация бўйича изланишлар олиб борган тадқиқотчи бобосига бағишланган «Бир матонинг парчаси» номли асари икки қисмдан иборат.

Каштачилик устаси Юлдуз Муҳиддинова билан ҳамкорликдаги биринчи қисм сўзанадаги ўзбек кашталари ва пахта тозалаш машиналарининг механик шаклларини ўзида бирлаштиради. Рассом Матьё Биссоннетт билан ҳамкорликдаги сунъий интеллект ёрдамида яратилган иккинчи қисмда эса армон бўлиб қолган сўзлар ўрин олган.
«Хориждалигида бобоси вафот этган муаллиф, дафн маросимига етиб боролмаган. Айтилмаган гаплари, болалик хотиралари учун ифода қилиб улгурилмаган миннатдорлик туйғуси армон бўлиб қолган. Қоғозлар орасидан бобосининг Америкадаги ҳаёти, илмий изланишлари, сафар таассуротлари, ҳатто шеърларини ҳам жамлаган кундалик топиб олган. Инсталляциядаги барабанлар устига туширилган қайдлар айнан ўша кундалик саҳифаларидан олинган. У ўз кечинмаларини санъати орқали етказишни истаган», — дейди медиатор.

Унинг қўшимча қилишича, кундаликда шунингдек, Колорадо ва Сирдарё дарёлари таққосланган қайдлар ҳам бўлган. Инсталляцияда қўлланган сариқ ва тўқ сариқ ранглар ўша Колорадо, Аризона каби жанубий штатлардаги саҳро ландшафтлари ҳақидаги эслатмаларни жонлантиради.

«Қутадғу билиг»
Яна бир қизиқ объектлардан бири — хиром айлаётган, доира чалаётган инсонлар акс этган лойиҳа. Асарга асос сифатида полиэтилен пакетлардан фойдаланилгани ва улар Бухоро аҳлидан йиғилгани билан ўзига хосдир.
Қозоғистонлик Сауле Сулейманова «Бахт келтирадиган донолик» маъносини англатувчи мазкур иши билан Марказий Осиё аёллари ўзини ижодда қандай ифода этишини акс эттиришни мақсад қилган.
Фото: Сауле Сулейменованинг Instagram саҳифасидан
«Ушбу асар кекса ёшдаги аёллар дуч келадиган маргиналликка қарши фаол курашиб келаётган „Ширу шакар“ фольклор ансамблидан нафақага чиққан бир гуруҳ ижрочилар билан ҳамкорликда яратилган», — дейди Зебунисо.
«Ҳаммага мўлжалланган бурчак»
Биенналеда шунингдек, бир қарашда болаларга мўлжаллангандек туйиладиган, аммо исталган ёшдаги одам вақт ўтказса бўладиган майдон ҳам диққатдан четда қолмайди. Медиаторнинг қайд этишича, аслида лойиҳа муаллифи — рассом ва театр дизайнери Зи Қаҳрамонованинг мақсади ҳам шу бўлган.
У ҳамма ўзини уйидагидек қулай ва хавфсиз ҳис қиладиган «бурчак» яратишни истаган. Буни амалга ошириш учун у бухоролик ва инглиз мутахассислар билан маслаҳатлашгач, болалар конструкцияси ва текстилидан фойдаланиб, 70 йиллар вайбини эслатадиган майдонча яратган.
«Болалигимда, ёзни бобом ва бувимнинг орқа ҳовлисида — оила даврасида, таом ва мусиқалар оғушида ўтказардим. Илиқлик ва анъаналар билан суғорилган бу макон ҳамон менинг учун уйни ифодалайди. Энди мен ўша хотиралардан ва улар уйғотадиган соғинчдан илҳомланиб, бу туйғуни Бухорода илдиз отган бошқаларнинг ҳис-туйғулари билан боғлайман. Бу инсталляция рамзий унсурлардан ташкил топган бўлиб, уйимиздан узоқда бўлганимизда соғиниб қоладиган маконни акс эттиради», — деган ижодкор асари ҳақида гап кетганида.
«Номсиз»
Бошқа миниатюралардан одамларсиз тасвирлангани билан фарқ қиладиган мўъжазгина санъат асари араб ва ўзбек рамзлари ёрдамида тарихни акс эттирган.
Ваэл Шавкий ва Жўрабек Сиддиқовнинг бир қарашда меъморчилик, тоғ ва ўсимликлар кўзга ташланадиган ушбу номсиз асари Бухоронинг VIII асрда Араб халифалиги томонидан босиб олиниши ҳақида сўзлайди.
Фото: Ваэл Шавкийнинг Instagram саҳифасидан
«Латундан ясалган мазкур кандакорлик ишини яратишда мисрлик рассом ўзбек миниатюраларидан илҳомланган. Араблар истилосидан кейин ислом динининг асосий марказларидан бирига айланган Бухорога мерос бўлиб қолган меъморчилик ва олтин услубни кўрсатишга уринган», — дейди Зебунисо.
«Космопоэтик»
Замонавий санъат асарлари орасида хотин-қизлар мавзусига бағишланган лойиҳалар ҳам бир қанча. Бухоронинг бой гилам тўқиш анъаналаридан илҳомланиб, африкалик аёлларнинг қишлоқ хўжалиги мероси билан уйғунлаштирилган «Космопоэтик» асари ҳам шу жумладан.
Италиялик Бинта Диав ва ўзбекистонлик Зарнигор Маҳмудова ҳамкорлигида яратилган ушбу инсталляцияда хотин-қизлар хотира, бардош ва авлоддан-авлодга ўтадиган билимлар эгаси сифатида улуғланади. Шу билан бирга асар, Ўзбекистоннинг Афро-Осиё алоқаларидаги тарихий ўрнига ҳам ишора қилади.

«Соч Африка аёллари учин умид ва эркинлик рамзи бўлган. Миграция пайтида хотин-қизлар гуручни соч ўрами орасига яшириб, олиб юрган. Муаллиф аёллар ўзаро мулоқот учун турли соч ўриш усуллари ва махфий кодлар яратгани, вақт ўтиши билан бу усуллар тирик қолиш воситаси, барқарорлик белгиси ва хотира маросимига айланганига эътибор қаратишни хоҳлаган. Шунингдек, Марказий Осиё ва Афро-Осиё мамлакатларининг аёллари орасида учрайдиган илк соч ўриш усули ҳақида ҳам сўз боради», — дейди Зебунисо Абдуллаева.

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли. Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ҳавола орқали танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda