Ҳайдовчилик билан боғлиқ стереотипларни синдирган жасорат эгаси

Зубайда Йўлдошева ҳикояси
Унинг оёқлари бола вақти сандалда ёниб кетган. Протез оёқларни эса илк бор 8-синфдалигида таққан. «Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони — «Жасорат» медали соҳибаси, «Тошкент — Водий» йўналиши бўйлаб ҳайдовчилик қиладиган Зубайда Йўлдошева.

Унинг оёқлари бола вақти сандалда ёниб кетган. «Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони — протез оёқ таққанидаги илк ҳисларини кечагидек эслайдиган, «Тошкент — Водий» йўналиши бўйлаб ҳайдовчилик қиладиган Зубайда Йўлдошева.

«Ирода» — синовларга бой ҳаёти ҳақида ҳикояси бор, аммо ўзи ҳақида гап кетганида биринчи галда бошқалардан фарқли жиҳатларига эмас, балки унинг ҳам инсон эканлигига, қобилияту салоҳиятига эътибор қаратилишини истовчи ватандошларнинг кечмишлари бериб бориладиган лойиҳадир. Унда ўз ҳаёт ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар Телеграм’да @Iroda_loyihaBot орқали боғланиши мумкин.
«Қайси қўшиқни қўйиб берай?», — сўрайди 20 йилдан буён ҳайдовчилик қиладиган Зубайда Йўлдошева орқа ўриндиқдаги йўловчисига кўзгудан қараб. Сал вақт ўтиб, гап гапга, кулги ва дардлашувга улангач, ашула қулоққа кирмай ҳам қўяди. Cуҳбат қизиб, масофа қисқаргандек бўлади.

Йиллар давомида ўз йўловчиларнинг кўпи билан опа-сингилдек яқин бўлиб кетган бу аёл ҳозир асосан юк ташиш билан шуғулланади. Лекин ўша эски қадрдонларидан бирортаси қўнғироқ қилиб, элтиб қўйишини сўрагудек бўлса, дарров йўлга чиқади.
Аёзнинг сўнгги бўлмаган қурбони
Ўзбекистоннинг газ ва электр таъминоти узлуксиз муаммога айланган ҳудудларидаги аҳоли учун қиш эртакларда тасвирланганидек «кумуш» ва «оппоқ» эмас. Ёз тугаб улгурмасидан тезак, ўтин ва кўмир сингари воситалари ғамланадиган, печка-ю сандал каби қалқонлар шайланадиган, шунча ҳозирликка қарамай, барибир ёқимсиз фасл у.
Қаҳратон фаслнинг каттаю кичик бирдек қатнашувчи «совуқ жанглари»да, айниқса, мурғак болалар ва уларнинг оналари кўпроқ жабр чекади. Зиммасида шундоқ ҳам бир дунё иши бор аёлларнинг иши электр токи ва газ йўқлиги боис янада оғирлашади.
реклама
реклама
Совуқдаги бундай имконсизлик ё молда, ёки жонда ўзидан қандайдир из қолдиради. Худди қўқонлик Зубайда Йўлдошева билан бундан 53 йил илгари юз бергани каби.
Мен оиламиздаги етти фарзанднинг тўртинчиси бўлганман. Етти ойлик чақалоқлик пайтим, эмаклай бошлаганимга ҳали кўп бўлмасидан, бахтсиз ҳодиса юз берган. Дадам ишда, онам эса уй юмушлари билан андармон бўлган аёзли кунларнинг бирида менга қараб турган опам бироз чалғиган вақти чўғдек ёниб турган сандалга тушиб кетганман. Шу воқеа сабаб оёқларимнинг тиззадан пастки қисмидан айрилганман. Бу воқеани менга, ақлимни танигач, „ўшанда мен куйсам бўлмасмиди!“ дея куйинадиган онам айтиб берган.
Ногиронлик, айниқса, қишлоқдаги хотин-қизлар учун осон эмас деб ҳисоблайдиган Зубайда опа болалигида тушкунликка тушганида отаси Солижон Йўлдошевнинг: «Бошқаларнинг эмас, менинг гапларимга қулоқ сол — менинг қизим кучли ва ҳамма нарса қўлидан келади», — деган гапларидан куч олади.

«Ўзи билан бирга олиб юришга ҳеч эринмайдиган отам вақти-вақти билан устозларим билан учрашиб: „Қизим учун нима қилиб берай?“, деб сўрар, менга эса доим яхши ўқишим кераклигини уқтирарди. Устозларимнинг аксарияти ҳам мен учун таълим энг катта нажотлигини таъкидлар, лекин улар орасида: „Барибир уйда ўтирасан-ку, ўқиб нима қиласан?“, дейдиганлари ҳам топиларди», — дейди у.
Бир жойга михланиб қолмаслиги кераклигини яхши билган Зубайда Йўлдошеванинг ўзи эса тезроқ катта бўлишни хоҳларди. Чунки протездан фойдалана бошлаш учун суякларнинг ўсишдан тўхташини кутиш керак эди.

У интиқиб кутган кунлар 8-синфдалигида келади. Тошкентдан келтирилган «мўъжиза»ни илк бир кийиб кўрганида, у бош қаҳрамони протездан фойдаланадиган «Маюра» номли ҳинд фильмини эслайди.
«Протезга мослашгач, дадам олиб берган бежирим пойабзалимни кийиб, мактабга борганман. Эрталабки линейкада синфдошларимнинг менга қадалган нигоҳи, „Оёқлари ўсибди! Оёқ ясатиб келибди!“ деган пичир-пичирлар ҳамон эсимда. Лекин мен уларга парво ҳам қилмаганман. Чунки мен ўз қувончимдан масрур, протез менга гўё қанот бергандек — хаёлан парвоз қилардим», — деб эслайди Зубайда опа.
39-мактабни тамомлагач, Зубайда опа Фарғонадаги Ижтимоий таъминот техникумида чеварлик сир-асрорларини ўрганади. Айнан ўша ерда у тақдири ўзиникига ўхшаш — сандал сабаб куйиб, мажруҳ бўлиб қолган «аёз қурбонлари» — хотин-қизлар кўплигига гувоҳи бўлади.

Трикотаж фабрикасида иш бошлагач, иш жойида ногиронлиги бор шахс бўлгани учунгина биринчи марта адолатсизликка дуч келади.
Мен ишлайдиган жойда давлатдан нафақа олаётган ногиронлиги бор шахсларни ишдан бўшатиш ҳолатлари бўлган. Бир пайтлар дадам: „Ўзим боқиб оламан, нафақаси керак эмас“, деб рад этгани туфайли менда ногиронлик нафақаси йўқ эди ва шу боис ишлашда давом этолганман.
Янги саҳифа
Зубайда Йўлдошева 24 ёшида оила қурган, аммо зўравонлик туфайли турмуши узоққа бормаган. Жисмоний ва руҳий хўрликларга чидолмай, ўзи ва туғилажак фарзандининг келажагини ўйлаб, 4−5 ойдан кейин ажрашишга қарор қилган.
реклама
реклама
«Икки фарзандим бор. Тўнғичимга ҳомиладорлигимда „ногирон туғади бу, олдириб ташласа-чи“ дегандек гапларни кўп эшитганман. Шунгами, кўзим ёриб, ҳушимга келишим билан шифокорлардан боламнинг жисмоний аҳволи ҳақида сўраганман. „Кўзим билан кўрай, олиб келинг!“ дея илтимос қилганман», — дейди у.
Фарзандли бўлгач, Зубайда опа ҳаётида янги бир саҳифа очиш мақсадида Тошкент томон йўл олади. Пойтахтда ҳам тикувчилик бўйича ўқиб, малакасини оширади. Меҳнатдан қочмайди, бошқа соҳаларда ҳам ишлаб кўради: бозорда сотувчилик қилади, тамаддихоналару синфхоналарни саранжомлаб, ўз кунини кўришга, бировга ортиқча юк бўлмасликка ҳаракат қилади. «Права»га ҳам ўқийди.
20 йиллар аввал Nexia машинаси учун кредит сўраб борганимда, банк раҳбари менга ишора қилиб, ўз ходимига: „Дуч келган одамни етаклаб келаверасизми?!“, деганди. Шу гап нафсониятимга шунчалик текканидан тўловни белгиланган санадан ҳам олдинроқ тўлашга ҳаракат қилдим. Кредитни тўлаб қутулгач, „ногирон бўлса ҳам қарзга қолмади-я“ дея ҳайратланган ўша раҳбар аёлга ташқи кўринишга қараб баҳо бермаслик кераклигини уқтирдим.
Унинг ҳайдовчига айланишига, маълум маънода, фарзанди сабабчи. Бувисининг тарбиясини олсин, дея қизини Фарғонадаги олийгоҳга ўқишга киритган Зубайда Йўлдошева уни кўришга борганида йўл-йўлакай кира ҳам қила бошлайди. Бу иш даромаддан ташқари завқ ҳам бергани учун шу касбни маҳкам ушлайди.
Шу тариқа «Тошкент — Қўқон» йўналишининг тахминан 295 километрлик масофасини кунига икки-уч марта босиб ўтган пайтлари ҳам бўлади. Иши юришиб, Nexia’си Cobalt, Cobalt эса Tracker’га айланади.

Зубайда опа ҳозир водийга ҳафтасига уч ё тўрт марта қатнайди, холос. Қўқондаги юмшоқ мебель, стол-стул, ошхона жиҳозлари ясайдиган мебелчилар билан ҳамкорлик қилади, уларга пойтахтдан керакли асбоб-ускуналарни етказиб беради.
Эски мижозларим телефон қилса, рад этолмайман. Машинасини ўзгартириб кибрланибди, деган хаёлга боришларини хоҳламайман. Йўлда дилкаш аёл-қизлар билан ўзим ҳам мазза қиламан. Улар ҳам ўзини яхши ҳис қилади. Эмизикли боласи бор оналар бемалол овқатлантиради, йўлда тўхтаб бирга тамадди ҳам қиламиз.
Жасоратга элтган машмаша
Зубайда Йўлдошева 2022 йили Ўзбекистон президенти томонидан «Жасорат» медали билан тақдирланган. Бунга карантин пайти Тошкентнинг Чилонзор тумани Катта Хирмонтепа маҳалласи собиқ раиси билан содир бўлган машмаша сабаб бўлган.

Ҳаммаси туман ҳокимлиги ходимининг: «Карантин вақти ногиронлик учун давлатдан 500 минг сўмдан пул олган экансиз-а?», деган қўнғироғидан бошланган. Бу суҳбатдан уч ой аввал маҳалла идораси таклиф қилган моддий ёрдамни рад этган Зубайда опа бу янгиликдан ҳайратини яширолмай, маҳалла раисига учрайди.
Ундан нега ёлғон ҳисобот тайёрлангани сўрайди, шу ёлғон сабаб у ўзи олмаган пулни олганга чиқиб қолганини айтади. Маълум бўлишича, «Зубайда Йўлдошева олди» деб ҳисобот қилинган пул аслида соғлом маҳалладошга берилган. Опа раисдан вазиятни тушунтириб беришни талаб қилади. Суҳбат тортишувга айлана бошлагач, Зубайда опа ўз ҳақиқатини юзага чиқариш учун жараённи диктофонга ёзиб олади.

Шу воқеадан кўп ўтмай, ҳокимлик ходими яна алоқага чиқиб, уни туман ҳокимлигига таклиф қилади. Ўшанда Чилонзор ҳокими билан биринчи марта танишган Зубайда опа унга бутун вазиятни тушунтиради, диктофондаги ёзувни қўйиб беради.
Ҳоким: „Сизда ногиронлик кўрмаяпман“, деди. Мен одамларнинг раҳми келмаслиги учун мен ҳолатимни билдирмаслигимни айтдим ва протезимни ечиб кўрсатдим. Ҳоким „шу аҳволда ҳайдовчилик қиласизми?“, деб тан берди. Ўшанда мен ҳақимдаги барча маълумотларни ёзиб олишган экан, кейинроқ яна уйимга келиб, телефон орқали ҳол-аҳвол, ишим ҳақида сўраган бўлишда. Шу тариқа, „Жасорат“ медали олганлар сафида бўлиб қолдим.
Ҳайдовчилик — эркаклар каcби, деган стереотипни йўққа чиқарган жасоратли Зубайда опа инсон ҳеч қачон ўз орзу ва мақсадларидан кечмаслиги, уларга эришиш учун қалбини эзгуликлар билан тўйинтириши кераклигига ишонади.

«Қалб мажруҳ бўлса, яшашдан маъно йўқ — ҳаёт ўз рангини йўқотади», — деб ҳисоблайди у.

Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Дилруҳ Исомиддинова / Gazeta


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda