Фото: Муродбек Юсуф / Gazeta
Маҳаллалар мусиқаси
Troll.uz блоги муаллифи Умид Гафуров билан Бухоро бўйлаб сайр
Gazeta ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бу гал жамоат фаоли, Troll.uz лойиҳаси муаллифи Умид Гафуров билан Эски Бухорони пиёда айландик. У билан ўзбек блогосфераси, сўз эркинлиги, туризм ва эътирозларга сабаб бўлган «Боқий Бухоро» этнопарки ҳақида суҳбатлашдик.
Gazeta ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бу гал жамоат фаоли, Troll.uz лойиҳаси муаллифи Умид Гафуров билан Эски Бухорони пиёда айландик. У билан ўзбек блогосфераси, сўз эркинлиги, туризм ва эътирозларга сабаб бўлган «Боқий Бухоро» этнопарки ҳақида суҳбатлашдик.
Умид Гафуров билан унинг болалиги ва ўсмирлиги ўтган Арк маҳалласида, яна ҳам аниқроғи, у катта бўлган уй олдида кўришдик. Бу маҳалла Арк қўрғони биқинида жойлашган бўлиб, бухороликлар орасида «Профессорлар уйи» номи билан танилган.

«Йўл ёқасидаги бу икки қаватли уйлар тахминан бир аср олдин илм аҳли — доцент ва профессорлар учун қурилган. Бобом кимё фани бўйича олим бўлгани боис уларга ҳам шу ердан хонадон ажратилган ва кейинчалик ҳамма бу хонадонларни хусусийлаштириб олган. Бу «дом»га етти ёшимда кўчиб келганмиз. Ҳозир бу ерда онам яшайдилар.

Бу уйлар ўтган йили яхшилаб таъмирланди, болалар майдончаси ҳам қурилди. Ёнимизда Арк бор, шу сабаб бу ерлар «қизил ҳудуд» ҳисобланади, яъни бу уйларни бузиб, ўрнига бошқа объект қуриш мумкин эмас. Шунга қарамай, бу уйларни бузиб, ўрнига бирор бошқа нарса қуришлари мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларни кўп эшитамиз. Шунинг олдини олиш учун бу уйлар давлат муҳофазасига олинишини истардик", — дейди у.
Бухородаги қурилишлар ва бузилишлар ҳақида
Умид Гафуров 2016 йилдан бери Тошкентда яшайди. Йилда уч-тўрт бор она шаҳрига меҳмон сифатида келади. Айтишича, бузилиш ва қурилишлар билан боғлиқ ўзгаришлар уни ҳар доим ҳам хурсанд қилавермайди.

«Кичкиналигимда уйимиз олдидаги мана шу йўл ёқасига бобом билан ҳар йили кўчатлар ўтқазиб, суғорардик. Дарахтлар кўплигидан уйлар ҳам кўринмасди. Лекин 2007 йилларда масъуллар ҳаммасини кесиб ташлади. Бугунги кунда ҳеч бўлмаса сувсизликка чидамли гуллар экилган, шаҳарнинг кўп қисмида шундай манзара».
2000 йилларда қурилиш ва йўлларни кенгайтириш баҳонасида шаҳардаги кўплаб дарахтлар кесилиб кетган. Ўша вақтларда Арк қаршисидаги хиёбон ҳам ҳозиргидан-да қалинроқ ва яшилроқ дарахтзор эди.

Мамлакатнинг бошқа шаҳарларида, хусусан, пойтахтда ҳам бўлгани сингари, Бухородаги қурилишлар ҳам бош режасиз амалга ошириляпти. Блогернинг сўзларига кўра, янги қурилган иморатларнинг бир қисми ҳали ҳам кадастр ҳужжатларига эга бўлмаслиги мумкин, чунки қурилиш ноқонуний бўлган.

«Назоратсиз қурилишларни Ўзбекистоннинг асосий муаммоларидан бири, деб биламан. Тўғри, қонунчиликка қандайдир ўзгартишлар киритилди, аммо муаммо бутунлай йўқолиб кетгани йўқ», — дейди Умид Гафуров.
У мисол тариқасида Арк яқинидаги тилла ва гилам бозорларини мисол қилиб келтиради. Ушбу савдо мажмуалари, ҳар қандай бозор сингари, кўплаб маҳаллий аҳоли ва туристларни ўзига жалб қиларди, яъни, гавжум жойлар эди. 2017 йили бу бозорлар уларнинг ўрнида янги савдо мажмуаси қуриш мақсади билан бузилди. Бу ҳудудда ҳозиргача ҳеч қандай қурилиш бўлгани, чунки эски бозорлар ўрнида археологик ёдгорликлар чиқиб келди.

2025 йил баҳоридан бошлаб бу ерда хорижий мутахассислар иштирокидаги экспедиция бу ерда қазилма ишларини олиб боряпти. Ойнаванд деворлар орқали уларнинг ишини кузатиш ҳам мумкин. Тўғри, бошқа вақт бу жой худди ташландиқдек, шамол бу ердаги чангни кўтариб, чор-атрофга ёяди ва оддий ўткинчига у ҳозир очиқ осмон остидаги музей ёнидан ўтиб кетаётганини билдирувчи бирор белги йўқ.

Тилла ва гилам бозорларига қарама-қарши тарафда эса бошқа бир — мебель бозори бор эди.

«Ҳар куни тонгда нон ва қаймоқ шу ерга олгани келардик», — дея эслайди Умид Гафуров. Бузилиб кетган бозорлар билан боғлиқ ўтмиш хотиралари уйғонганида, унда афсус ҳисси пайдо бўлади.
Бухоро замонавий санъат биенналеси ҳақида
Умид Гафуров бой тарихга эга Бухорои шарифда туғилганидан ҳамиша фаҳрланишини таъкидларкан, бугунги кунда бу кўҳна шаҳарнинг туризм салоҳиятидан тўла фойданилмаётгани, шаҳарда инфратузилма лозим даражада яхши ривожлантирилмаётганини ҳам қайд этиб ўтди.

«Ёзда Бухоро жуда иссиқ, шунинг учун туристлар ҳам кам келади. Бу вақтда шаҳарда тунги туризмни ривожлантириш мумкин. Шаҳарнинг тунги қиёфаси ҳам чиройли, сайрбоп. Фақат бунга етарлича эътибор қаратиш зарур. Ҳозир тунги вақтда фақат муҳим деб ҳисобланган бинолар ёритилади, холос, аммо шаҳарнинг қолган қисми қоронғи қолади. Эҳтимол, қуёшдан энергия олиб тунда ёнадиган чироқларни кўпайтириш керакдир. Албатта харажат ва даромадлар нисбатини ҳисоблаб чиқиш керак.
Жаҳондаги кўплаб тарихий-туристик ҳудудларда сайёҳларнинг эътибори тарихий обидалар, сайёҳлик объектларидан чалғимаслиги учун дизайн-кодга катта аҳамият берилади. Бизда эса визуал шовқин ҳаддан зиёд кўп, ҳамма жойда «арча байрам»: бундай ранг-баранглик кўзни чалғитади. Бухоро каби қадимий шаҳарларнинг гўзаллиги ва тарихий муҳитини қандай қилиб алоҳида ажратиб кўрсатиб беришни биладиган мутахассисларни жалб қилиш мумкин, деб ҳисоблайман.
«Ўлик мавсум» вақтида ҳам йирик фестиваллар орқали туристларни жалб қилиш мумкин. Ҳар ҳолда, кўплаб мамлакатларда шундай тажриба мавжуд.

Масалан, Бухорода 5 сентябрдан 20 ноябргача ўтказилган замонавий санъат биенналеси каби халқаро тадбирлар кўпроқ ва тез-тез бўлиши тарафдориман. Бу тадбирга сийқаси чиққан услубда ёндашилмагани, тарихий ва замонавий санъатнинг уйғунлашуви менга жуда ёқди. Кўпчилик бу кўргазма ҳақида ижобий фикрлар билдиряпти. Меҳмонхоналар, ресторанлардаги иш юритувчилар ҳам сайёҳлар кўплигини, жойлар тезда тугаб қолаётганини айтди. Мана шундай узоқ муддатли лойиҳалар билан сайёҳлар оқимини ошириш жуда муҳим", — дейди блогер.
«Меҳмонхонада ишлаганим дунёқарашимга таъсир қилган»
Умид Гафуров Эски шаҳардаги 9-мактабда ўқиган. Ушбу таълим муассасаси ҳозирда Ўзбекистон халқ артисти Марям Ёқубова номи билан аталади.

«Уйимиз атрофида мактаблар кўп. Аммо қариндошларим, акам ва опам ҳам шу мактабда ўқигани учун мени ҳам шу ерга ўқишга беришган. Қолаверса, холам шу ерда кимё фани ўқитувчиси эди. Тўққиз йил умрим шу мактабда ўтди. Ҳар куни эрталаб Эски шаҳар кесиб, дарсга келардим. Баъзан катта йўл бўйлаб бориб-келардим. Аълочи ўқувчилардан бўлганман, ҳатто бир йил стипендия ҳам олгандим. Деразалари мен ўқиган вақтларда ҳам шундай эди. Мактабимиз ҳам тарихий бино, шунинг учун уни борича сақлаш керак, деб ўйлайман. Бу ҳам бир тарих», — дейди блогер.
Умид Гафуровнинг сайёҳлар билан гавжум эртакнамо шаҳарда туғилиб, шундай муҳитда улғайгани унинг касб танлашига ҳам таъсир кўрсатган. Мактабни битиргач, Бухоро давлат университетига ўқишга кирган. Талабалик вақти иккита меҳмонхонада ишлаган.
«Ўсмирлик пайтим кўча-кўйда туристлар бирор ёрдам сўраса, имкон қадар жавоб бериб, тушунтириб юборардим, баъзан ўзим айлантирардим ҳам. Аммо буни гидлик деб ҳисобламаганман. Шунга қарамай, айрим сайёҳлар чойчақа ҳам берарди.

Университетга туризм ва меҳмонхона хўжалиги йўналишига ўқишга кирган вақтим «Фонд Форум»нинг таълим грантини ютиб олганман. Лекин кундалик харажатларим учун пул топиш учун 2-курсдан бошлаб икки ярим йилча Лаби Ҳовуз яқинидаги Emir ва Minzifa номли меҳмонхоналарда ишлай бошладим. Асосий ишим меҳмонларни кутиб олиш, нонуштага уйғотиш ва телефон қўнғироқларига жавоб бериш эди.

Ўша вақтларда мен каби администраторлар жуда кўп пул топмасди. 120 минг сўм атрофида ойлик олардим, бу еб-ичишимга ҳам етмасди. Лекин меҳмонхонада ишлаш менга кўп нарса берган: туристлар билан суҳбатлашиб, турли жамият ва маданият вакилларидан нимадир ўрганганман, бу дунёқарашимга ҳам таъсир қилган. Инглиз ва француз сайёҳлар кўп келарди, инглизча гаплашардик", — дейди Умид Гафуров.
Италиядаги бир йиллик ўқиш ва унутилмас таасуротлар
У бакалавриатни Бухоро давлат университетида тугатгач, бир йил туризм менежменти йўналиши бўйича магистратура босқичида ҳам ўқиган. 2014 йили эса Erasmus дастури орқали Италиянинг Болония университети талабасига айланган.
«Мен университетнинг Риминидаги кампусида ўқиганман. Италияликларнинг дунёқараши менга жуда қизиқ кўринган. Бизнинг жамият моддият (материализм), яъни латта-путта, темир-терсак, машина, уй қуриш каби нарсалар устига қурилган. У ердагиларнинг бир-бирига, ҳаётга, табиатга бўлган муносабати бутунлай бошқача. Бу дунёқарашимга ижобий таъсир кўрсатган, деб ўйлайман.

Ўқиш пайти стипендия пулларимни кўпроқ саёҳатга сарфлай бошладим. Поездда саёҳат арзон эди, шу боис курсдошлар билан Италиянинг кўп жойларида бўлганмиз. 20 еврога чипта олиб, Парижга учганимиз кечагидек ёдимда. Чет элда саёҳат қилиш бизда кўпчилик ўйлаганидек жуда катта харажат талаб қилмайди. Аммо Ўзбекистонда, масалан, авиачипталар қимматлиги учун кўпчилик дунё кезишга имкон тополмайди. Ваҳоланки, саёҳат инсон учун жуда муҳим.
Ўша вақтларда оила аъзоларим ҳам, танишларим ҳам мени Европада қолиб кетади, деб ўйлаган. Тан олай, ўзимда ҳам шундай фикр бўлган. Чунки Италияда яхши даромадли иш топиш муаммо эмас, имкониятлар кўп. Лекин ўқишни битириб, Ўзбекистонга қайтиб келганман ва бундан сира афсусланмайман", — дейди у.

Афсуски, Ўзбекистондаги университет Умиднинг Италияда ўқиган бир йилини ҳисобга олмаган ва магистрлик даражасини олиш учун Ўзбекистоннинг ўзида ҳам яна бир йил қайта ўқиш таклиф қилинган. Бунинг ўрнига у ижтимоий тармоқларга қизиқиши ортидан фаолиятини SMM соҳасида давом эттиришга қарор қилган. Бу Troll.uz номли лойиҳанинг бошланиши эди.
Нима учун Troll.uz?
Умид блогсферадаги илк қадамларини эсларкан, 2012 йили Facebook’да она шаҳри Бухоро ҳақида инглиз тилида «Fairy Bukhara» номли блог яратиб, уни юритишни бошлаганини таъкидлайди. Сайёҳларни жалб қилиш мақсадида очилган саҳифага шаҳардаги тарихий обидалар, ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳақида суратлар ва постлар жойланарди. Аммо инглизча блог бўлгани учун ёзганлари оммалашмасди, лайк ва обуначилар йиғиш қийин эди, саҳифа секин ривожланарди: ярим йил ичида атиги 500 га яқин обуначи тўплаган.

«Ўша вақтда интернет орқали тармоқлардаги саҳифаларни юритиш усуллари ҳақидаги мақолани ўқиб қолдим. Унда ҳазил ва киноя саҳифа қамровини сезиларли даражада ошириши мумкинлиги ёзилган эди. Менда қизиқиш пайдо бўлди ва янги саҳифа очишга қарор қилдим. Ўша вақтларда «Trollface» деган мем — масхараомуз ёвуз юз тасвирланган расм жуда оммалашган эди. Айнан уни асос қилган ҳолда 2013 йил июль ойида Facebook’да Troll.uz блогини бошладим. Биринчи ойнинг ўзидаёқ мингта обуначи тўпланди. Кейинчалик, «Fairy Bukhara» саҳифасини тўхтатиб, бор эътиборимни Troll.uz'га қаратдим.
Университет талабаси бўлганлигим учун бошида талабалар ҳаётига оид мавзу ва муаммоларни троллинг, сарказм, киноя ва ҳазилга ўраб, олиб чиқардим. 2014 йили Италияга ўқишга кетганим боис лойиҳа бир йилча тўхтаб қолди. Якуний имтиҳонларни эртароқ топширганимдан сўнг бўш вақтим пайдо бўлди ва блогни бемалол юритиб, ижод қилиш имкони туғилди. Ярим йилда 10 минг обуначи йиғдим. Ўша даврдаги Facebook учун бу катта кўрсаткич эди. Ўқувчиларнинг кўпайиши жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳам ёритишимга туртки бўлди.

Блогни аноним юритганим туфайли саҳифа эгаси менлигимни биров билмасди. «Сен Ўзбекистонда яшамайсан, шу сабаб журъатлисан, чет элда туриб олиб, танқид қилиш осон», деган турли изоҳлар сони ҳам кўпайди. 2016 йилда Troll.uz асосчиси ва админи мен эканлигимни ёзиб, пост жойладим ва ўзимни кўрсатган ҳолда видеолар олишни бошладим. Шундан кейин «Ўзингни реклама қиляпсан», деган фикрлар ёзишди. Одамлар на иссиқ ва на совуққа кўнишини ўшанда билгандим (кулади).
2014−2016 йилларда интернетнинг ўзбек сегментида мақтовли ахборотлар кўп бўларди. Тармоқларда жамиятдаги вазиятни борича кўрсатадиган ва ўз қарашларини ёзадиган блоглар кам эди. Одамлар бир хил хабарлардан зериккани учун уларда муқобил ахборотга эҳтиёж бор эди. Жамиятдаги муаммоларни кимдир айтиши керак бўлган пайтда Troll.uz ва саноқли блоглар медиа майдонга кириб келди. Шу тариқа фойдаланувчилар назарига тушиб, доимий обуначиларимни топганман, деб ўйлайман.

Илгари бирор муаммо ҳақида эшитсам, буни ёритмасам бўлмайди, жуда муҳим, деган фикрда постлар ёзардим. Ҳозир эса қизиқиш йўқ. Чунки мен ёзмасам ҳам, бошқа блогерлар ёки журналистлар ёритиши мумкин. Ҳозир интернет орқали муаммони кўтариш осон ишга айланди, одамлар ўз ҳақини талаб қиляпти, бу албатта, ижобий ҳолат", — дейди Умид Гафуров.
Ўзбек блогсфераси ва сўз эркинлиги ҳақида
«Блогер ўз фикрига эга шахс, шуниси билан у журналистдан фарқ қилади. Журналистда ҳам шахсий фикр бўлади, албатта, аммо у бу фикрини ўз материалида ишлата олмайди, хулоса чиқаролмайди. Чунки у икки тарафни ҳам эшитиши керак. Блогер эса ўзига ёқадиган мавзудаги шахсий фикрини ўзи хоҳлаган кўринишда — видео, расм ёки матн билан ифода этиб кетаверадиган шахс. Бироқ блогер ҳам масъулиятни ҳис қилиши керак. Қонунчиликда жавобгарлик мавжудлигини, ҳар бир хатоси, нотўғри гапи ўзига қарши ишлаши ҳам мумкинлигини ҳам эсдан чиқармаслиги лозим.

Ҳозир пул ишлаш қилиш учун, дейлик, бирор муаммони ёритиб, эвазига хизмат ҳақи оламан, деган мақсадда блогерликни бошлаётганлар ҳам йўқ эмас. Шундай тоифа одамлар сабаб кўпчиликнинг блогерларга нисбатан муносабати салбий томонга ўзгарди. Блогер — муаммони ёритувчи, олиб чиқувчи, деб тушунадиган ва қабул қиладиган қатлам пайдо бўлди. «Блогер фақат пул учун ишлайди, халқни ўйламайди», деган фикр шаклланиб улгурди. Ваҳоланки, таом тайёрлаб, шуни видеога оладиганлар ҳам, автомашина тузатиб, саҳифа юритадиганлар ҳам блогер", — дея тушунтиради у.
Умид Гафуровнинг фикрича, сўз эркинлиги — чиройли ибора ва у ўта нисбий тушунча. Сўз эркинлиги, бу — масъулият билан фикр билдириш дегани, деб ҳисоблайди блогер.
«Бизда кўпчилик сўз эркинлигини хоҳлаган гапини гапириш, деб тушунади. Назаримда, сўз эркинлиги, бу — масъулият билан фикр билдиришдир. Блогер бўлишни режа қилаётганларга маслаҳат сифатида инсон қаерда ва қандай жамиятда яшаётганини англаши керак, деб таъкидлайман. Блогерларнинг тайёрлаган постлари (хабарлари) баъзан амалдорларга ёқмаса, баъзида жамиятнинг ўзи қабул қилмайди. Иккала тараф ҳам блогер тилидан ўзига ёқадиган гаплар чиқишини истайди ва шуни кутади. Пост ёзишдан олдин: „Бу ҳақда ёзайми ёки йўқми, тепадагилар қанақа тушунади, одамлар-чи?“, деган фикрлар бўлади. Ўзбекистондаги сўз эркинлигига таъсир қилувчи омилларнинг кўпи жамият билан боғлиқ, деб ўйлайман», — дейди у.
Умид Гафуров билан сайримиз давомида йўл-йўлакай Ўзбекистонда ягона ҳисобланган миллий қўғирчоқлар музей-устахонасига ҳам кириб ўтдик. Блогер бу устахонани 1-синфлик вақтидан бери билишини айтади. 2024 йили шу ерда ишловчи катта уста Зокир Жўраев жамоатчиликка видеомурожаат қилиб, устахона ёпилиш ёқасида турганини маълум қилганди. Тармоқлардаги муҳокамалардан сўнг, Бухоро шаҳар ҳокимлиги бино усталар ихтиёрида қолишини билдирганди.
«Ўтган йили бу ҳунармандлардан шу бинони олиб қўймоқчи бўлишди. Видеомурожаатни каналимда чиқариб, ўз норозилигимни ҳам ёзгандим. Жамоатчиликнинг кескин муносабатидан кейин, усталар бинодан чиқарилмайдиган бўлди. Дунёнинг бошқа бирор бурчагида бунга ўхшаш музей-устахонани тополмайсиз. Бу жой туристларнинг ҳам севимли манзили. Ҳозир қаерга қараманг, ҳаммаёқ ё дорихона, ё ресторан. Лекин инсонга руҳий хотиржамлик бериб, эстетик дидини шакллантирадиган мана шундай музей-устахоналар ҳам керак», — дейди блогер.
«Боқий Бухоро» паркининг қурилиши ҳақида
Эски шаҳар бўйлаб кечган суҳбатимиз Бухоронинг тарихий қисми билан чегарадош ҳудудда қурилаётган ва аҳоли эътирозларига сабаб бўлган «Боқий Бухоро» маданий-этнографик парки томонга кўчди. Лойиҳа 32,6 гектар ҳудудни эгаллайди. Унинг қурилиши эълон қилинганида, маҳаллий аҳоли ўз норозилигини билдирган. Улар сафига Умид Гафуров ҳам қўшилган.

«Мен ҳозир ҳам бу қурилишга қаршиман. Кўплаб мавжуд объекатлар: вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, 30 млн долларга барпо этилган вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси бинолари, ўрта таълим ва санъат мактаблари, «Бухоро Арена» стадиони бузиб ташланди. Совет даврида қурилган вилоят ҳокимлиги биноси модернизм ёдгорлиги ҳисобланарди.
Эски шаҳарнинг шундоқ олдида унга тақлидан замонавий макет қурилаётгани жуда ғалати ва мантиқсиз. Паркни шаҳардан ташқаридаги бўш ерларга қуриш ҳам мумкин эди ва шунда бу лойиҳани ҳатто қўллаб-қувватлаш ҳам мумкин бўларди. Мисол учун, Янги Тошкент лойиҳаси шаҳар чеккасидаги бўш майдонларда қуриляпти, унинг учун пойтахтни бузиб юборишгани йўқ-ку.
Ҳозир нима учундир «Боқий Бухоро» паркининг қурилиши тўхтатиб қўйилди. Иш нега тўхтаб қолгани ҳақида ҳар хил гап юрибди: кимдир «инвесторлар фикридан қайтибди» деса, бошқалар «пул йўқмиш» деяпти. Лойиҳани пухта ўйлаб, ҳеч қаерни бузмасдан қуришни режа қилиш керак эди", — деб ҳисоблайди Умид Гафуров.
«Тошкент — машиналарга мослаштирилган шаҳар»
Умид Гафуров Ўзбекистон пойтахтида хотиржам сайр қилиш мумкин бўлган жойлар бармоқ билан санарли, деб ҳисоблайди. У оиласи билан Экопаркка тез-тез бориб туради, Айтишича, у ерда дам олувчилар учун ҳар жиҳатдан шароит яратилган.

«Central Park ҳам боришга арзийдаган манзил. Янги Ўзбекистон боғи сал узоқ бўлгани учун у ерга кўп бормаймиз. Дарахатлар кўп, салқин ва кўзга чиройли кўринадиган жойларга бориш ёқади, аммо бундай жойлар жуда кам. Ўзбекистон овози кўчаси ҳам пиёдалар учун мослаштирилди. Тошкентдаги бошқа кўчалар, аҳоли гавжум нуқталарни ҳам пиёдалар учун шундай мослаштиришиш керак. Шунда кўпчилик оиласи билан бемалол сайрга чиқа олади.
Тошкентда тирбандлик муаммоси тобора чуқурлашиб боряпти. Бу муаммога қарши курашнинг турли йўллари бор. Шулардан бири — жамоат транспортини ривожлантириш. Бошқа кўп давлатларда машинага талаб йўқлигини кўраман. Автотурургоҳларга кириш асосан пуллик ва қиммат, шу сабабли ҳам кўпчилик жамоат транспортидан фойдаланади. У орқали исталган жойингизга етиб олишингиз мумкин. Тошкент эса машиналар учун мослаштирилган, унда автоуловдан воз кечишни хоҳлаб юборадиган даражада намунали жамоат транспорти тизими йўқ.

Шота Руставели кўчасининг ўртасида автобуслар учун алоҳида йўлак қилингани, албатта, қувонарли ҳолат. Бундай йўлакларни бошқа кўчаларда ҳам қилиш, уларни кўпайтириш керак. Шунингдек, пуллик парковкалар пайдо бўлганини ҳам — унинг нархи ва баъзи кўчалардаги ёндашувига бироз эътирозим борлигини инобатга олмаса — умуман олганда, ижобий қадам, деб ҳисоблайман. Ҳайдовчилар энди пул тўлаши кераклигини ўйлаб, тартибга тушяпти», — деб хулоса қилди Troll.uz блоги муаллифи Умид Гафуров.
Умид Гафуров сайр қилишни тавсия этади
Умид Гафуров тинглашни тавсия этади

Матнни Миролим Исажонов тайёрлади

Фотосуратлар муаллифи: Мурод Юсуф.

Фотомуҳаррир: Евгений Сорочин.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda