Фото: Дилруҳ Исомиддинова
«Ирода»да Gazeta фотомухбири — Мурод Юсуфнинг ҳикояси
«Пахтакор» клуби ва Gazeta нашрининг фотографи Мурод Юсуф — «Ирода» лойиҳаси 16-сонининг қаҳрамони бўлди. У нега ўқитувчи бўлиш фикридан қайтгани, фотографияга қандай кириб қолгани, шунингдек, инклюзия ва одамларнинг нега муҳожирликка кетиши ҳақидаги мулоҳазалари билан бўлишди.

«Пахтакор» клуби ва Gazeta нашрининг фотографи Мурод Юсуф — «Ирода» лойиҳаси 16-сонининг қаҳрамони бўлди. У нега ўқитувчи бўлиш фикридан қайтгани, фотографияга қандай кириб қолгани, шунингдек, инклюзия ва одамларнинг нега муҳожирликка кетиши ҳақидаги мулоҳазалари билан бўлишди.

Мурод Юсуф саёҳат қилишни, сафар давомида манзаралар, айниқса қушларни суратга олишни ёқтиради. Одатда, бу йўналишда ижод қиладиган фотографлар керакли лаҳзани «ушлаш» учун пана жойда, узоқ вақт пойлашига тўғри келади. Лекин бунинг учун вақт худди тоқат сингари ҳадебам топилавермайди. Шу боис Мурод табиат қўйнида шунчаки атрофни диққат билан кузатиб, сайр қилади. Қулай фурсат бўлиши билан кадрга муҳрлайди. Натижада эса Султонҳовуздаги каби ажойиб расмлар пайдо бўлади.
National Geographic билан ҳамкорликни мақсад қилган ҳамкасбимиз аслида «Ирода»нинг дастлабки сонларидаёқ лойиҳага меҳмон сифатида чақирилган. Бироқ ўшанда иштирок этиш таклифини рад қилганди. Бунга ўзини «ҳали интервью берадиган даражада ютуқларга эришмаганман», деб ҳисоблагани сабаб бўлган.

Фотограф дўстимиздаги бу камтарлик қаршисида шляпамизни ечамиз ва унинг баҳонасида муроди одамларнинг ютуқларига урғу бериш бўлмаган лойиҳа билан боғлиқ муҳим жиҳатларга бир сидра тўхталамиз.
Мурод ва мақсад
Gazeta`нинг «қанча эмас, қандай яшаш (ни) муҳим» билган «Ирода»си 2024 йил майда — Мадина Аъзамнинг «гапирадиган» расмлари ва Муҳрим Аъзамхўжаев муҳаррирлиги остида бошланган.

ОИВ статусини оммага очиқлаган илк ўзбекистонлик қиз, реабилитация учун бошлаган спорт ортидан дунё шоҳсупаларига чиққан параспортчи ва кутубхоначиликни ҳаётининг энг яхши боби деб биладиган аёл ҳақида ҳикояларни жамлаган лойиҳа доирасида бугунгача 15 та туркум мақола эълон қилинди.
Қаҳрамонлар орасида «орзунинг рўёбига халал бераётган инфратузилма»ларни танқид қилган, нормал жамият қуриш учун «имтиёз эмас, имконият керак»лигини таъкидлаганлар бўлди. Улар «инсонларга ачинманг, ҳаммадек муносабатда бўлинг», дея эслатди. «Ислоҳот ёки қарор қабул қилишда одамларнинг турлилигини инобатга олиш керак»лиги ҳақида гапирди.
«Ирода» учун респондентларнинг орзу-интилиши, салоҳиятию жамиятда ўз ўрнини топиш йўлидаги ҳаракатлари муҳим эди. Хаётий ҳикоялар билан шахслараро муносабатлар, оила ва жамиятдаги муаммоларга ойна тутишни мақсад қилдик. Шахсий тажрибалар орқали шаҳарсозлик, тиббиёт ва таълим каби соҳалардаги камчиликлар инсонлар ҳаётига қанчалик таъсир қилишини кўрсатмоқчи бўлдик (буни қанчалик уддалаганимизга эса сиз — азиз ўқувчи баҳо бериши лозим).
реклама
реклама
Одатда, мақсаддан чалғимаслик учун айни саволлар берилган бўлса-да, материаллар суҳбатдошларнинг дунёқараши ва қисмати сингари турфа чиқди. Кимнингдир ҳикоясида урғу шахсий ҳаётдаги пасту баландликларда бўлса, баъзи сонларда кундалик ҳаётдаги тўсиқлар, ҳуқуқлар масаласи устувор бўлди.

Биз ватандошларнинг бошдан кечирганлари ҳақида борича гапириб беришларини ҳақиқий ирода билдик. Бунга ҳурмат сифатида ҳикояларни бир қолипга солмасликка, уларнинг позицияси ва ҳаёт фалсафасидан келиб чиқиб баён қилишга ҳаракат қилдик. Интервьюларни эса доим бир одат — қаҳрамонлар қайси масалада гаплашишни истамасликлари ҳақида сўрашдан бошладик.
«Ирода»нинг сўнгги сони бўлгани учун бу сафар лойиҳада қатнашишга кўнган Мурод Юсуф билан бўлган суҳбатда ҳам айнан шу анъанага амал қилдик.
Боёвут, пахта ва муҳожирлик
Айни пайт Тошкентда яшайдиган Мурод Сирдарёга тез-тез бориб, оиласи даврасида кўпроқ вақт ўтказишни хоҳлайди. Лекин пойтахтнинг ҳеч адо бўлмайдиган иш-у ташвишларини деб йўлга чиқишга ойда бир имкон топади. «Алишер Навоий» МФЙ`нинг уйига элтувчи, эсини таниганидан бери асфальтга ёлчимайдиган йўллари унга — «вальсапити»да «шумахерлик қилиш» севимли машғулоти бўлган болалигини эслатади.
“
Гарчи, илк учишда араванинг тагида қолишимга сал қолган бўлса-да, болаликдаги энг яхши хотираларим шу — ҳалигача ҳовлида турадиган кўк велосипед билан боғлиқ. Уни 4-синф пайтимда, пахта теримидан келган пул эвазига сотиб олганмиз. Умуман, кичкиналигимда пахта даласида кўп вақт ўтказганман. Ер чопишдан тортиб, теримгача бўлган юмушларда асосан онам фаол бўлган. У кўпинча 100−120 кг, баъзан эса 150 килогача, мен бўлса кўпи билан 20−30 кг пахта терардим.
Даладаги иш фақат пахта теримидан иборат бўлмаган. Комбайннинг тепасига чиқишни ёқтирган Мурод орада маккажўхориларга «хўжайинчилик» қилган. Амакиларига қўшилиб, қовун ҳам эккан.

Ўзи кўпчилик деҳқончилик билан шуғуллангани учун бу ишлар, хусусан, қиш кунларида ғўза поясини ўриш одатий ҳол бўлган. Ўрилган поядан тандирга ўт ёқишда фойдаланилган.
“
Қишлоқ болалари одатда меҳнат билан андармон бўлиб баъзан катта-катта орзу қилолмаслиги мумкин. Қўшимча курсларга боришга имкони бўлса, баъзида бунга вақт топилмайди. Мен бу каби вазиятларни тўғри баҳолардим. Чунки ота-онам бизга яхши шароит яратиш учун имкон қадар ҳаракат қилганини биламан.
Муроднинг отаси асли шоликор. Лекин гуруч савдосидан топилган даромад харажатларни қопламагач, мавсумий иш учун у Россияга кетган. Йиллар давомида ўрмонда, автомобиль заводида, орада чорва фермасида ва бир муддат ободонлаштиришда фаолият юритган. Унинг таъкидлашича, аксари боёвутликлар бола-чақа ва рўзғор ташвиши сабаб олис юртларда ишлайди. Қишлоқдаги кўплаб уйларнинг қуриб-таъмирланиши, янги машиналар олиниши, тўйлар ўтказилишига кўпинча шу — ўзга эллардаги мусофирлик бадал бўлади.
Миграция агентлигининг 2026 йил августдаги маълумотига кўра, қарийб 1,4 миллион Ўзбекистон фуқароси 40 га яқин давлатда ишлайди. Жанубий Кореяда 46,4 минг, Туркияда 72,1 минг, Қозоғистонда 84,4 минг ва бошқа давлатларда 97,7 минг нафар мигрант бор. Европа мамлакатларида ишлаётган ўзбекистонликлар билан боғлиқ бу кўрсаткич 258 мингни, Россиядагиси эса 834,2 мингни ташкил қилади.
“
Одамлар шунчаки ҳавас учун Россияга ишлагани кетмайди. Мен таниганларнинг аксарияти оиласининг эҳтиёжларини қоплаш, турмуш шароитини яхшилаш учун бунга мажбур бўлган. Бегона юртда топадиган даромадининг ярмини шу ерда ололса — кўпчилик жон деб яқинларининг ёнида қоларди.
Миграция агентлиги бир неча бор фуқароларни Россия-Украина зиддиятли ҳудудларига бормаслик ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаслик ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, қуролли можароларда иштирок этиш жиноят кодексининг 154-моддасига биноан жиноий жавобгарликка олиб келишини эслатган.
Муроднинг айтишича, тағинам ҳозир муҳожирлик географияси анча ўзгарган — энди одамлар пул топиш учун фақат рус ўлкасига эмас, Хорватия ва Корея каби давлатларга ҳам кетмоқда. Ишга кетган, кетаётганлар орасида унинг дипломли, мактабдош тенгқурлари ҳам бор.
Май тонги
Мурод тумандаги 3-сонли мактабда ўқиган. Табиий фанларга, айниқса географияга жуда ҳам қизиққан. Бир неча бор олимпиадаларда қатнашган. У учун бошланғич синф — мактабдаги энг яхши йиллари ўтган давр. Кейинчалик эса синфдошларига унчалик қўшилолмаган. Бунинг сабабини у 5-синф пайтидаги — баҳор тонгида содир бўлган воқеа билан билан боғлайди.
реклама
реклама
«Гарчи, бир кун олдин ҳаммаси жойида бўлганига қарамай, эрталаб турганимда ҳеч нарсани эшитмаганман. Фақат қандайдир шовқин бор эди, холос», — дейди ўша воқеа билан боғлиқ тафсилотлар ва шифокорлар масаласига тўхталишни истамайдиган суҳбатдошимиз.

У дастлаб овоз кучайтиргич таққан, 8-синфгача эса эшитиш аппаратидан фойдаланган. Кейинроқ шовқин кучайиб, аппарат ҳам иш бермай қўйган. Сўнгра мутахассислар имплант қўйдиришни тавсия қилган. Лекин Муроднинг айтишига қараганда, кохлеар қурилмаси ҳаммага ҳам бирдек мос келавермайди. Мабодо, мос келган тақдирда ҳам нархи жуда қиммат.
ЖССТ`нинг «Эшитиш саломатлиги бўйича»ҳисоботига кўра, кохлеар имплантация билан боғлиқ харажатлар Ҳиндистонда 11,3 минг, Россияда 18 минг, Янги Зеландияда эса 34,3 минг долларни ташкил этади. Ўзбекистон бўйича маълумот йўқ бўлган ушбу ҳисобoтидаги рақамлар — имплант қурилмасининг нархи билан бирга, операция ва унга боғлиқ тиббий хизматлар харажатини қамраб олади.

Ўзбекистонда операция қилдириш
Ўзи эшитиш имплантини ўрнатиш бўйича бу каби жарроҳлик амалиёти мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб ўтказила бошлаган.

Ўзбекистондаги Болалар миллий тиббиёт марказининг расмий нархлар рўйхатида ёзилишича, кохлеар имплантация операцияси (имплант қурилмасининг қиймати киритилмаган) 13 миллион 691 минг сўм, ички қулоқ аномалияси бўлган ҳолатларда эса 20 миллион 757 минг сўмни ташкил қилади.

Имплант қурилмасининг нархи
Кохлеар имплантация харажатлари мамлакат, ишлаб чиқарувчи, қурилма модели ва комплектациясига қараб фарқ қилади. 2015 йилда 62−75 миллион сўм туриши қайд этилган. Бугунги кунда эса Cоchlear ва МED-EL каби компанияларининг Ўзбекистондаги расмий дистрибюторларининг сайтида имплант тизимларининг нархи очиқ кўрсатилмаган.

2026 йилги тендерлардаги бошланғич қийматлар ва харид қилинадиган тизимлар сонига кўра, бир дона кохлеар имплант тизимининг бошланғич қиймати тахминан 125 миллионсўмдан 158 миллионсўмгача бўлган. Хусусан, 100 дона тизимни харид қилиш учун 13,23 миллиардсўм бошланғич қиймат белгиланган. Бу бир дона тизим учун 132,3 миллионсўмга тўғри келади. Лекин тендерларда кўрсатилган бошланғич харид нархлари беморлар учун белгиланган чакана сотув нархидан фарқ қилишини инобатга олиш лозим.
“
Баъзан эски, аллақачон унутилган товушлар, қўшиқлар қулоққа чалинаётгандек бўлади. Кутилмаганда қайта-қайта эшитилгандек туйилади. Кейин эса йўқолиб, бирданига тинчиб қолади. Яқинларимнинг овозларини эса аста-секин унутиб боряпман.
Ўқиш, фотография ва Gazeta
2021 йилда 11-синфни тамомлаган Мурод ўқиш учун Тошкентга келган. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, Ўзбекистон Миллий университетининг талабаси бўлган. Кириш имтиҳонларида ҳам тарих факультетидаги дарсларда ҳам қийналмаган. Яхшироқ ўзлаштириш учун эса кўпроқ мустақил ҳаракат қилган.
«Эшитишида ногиронлиги бор ўғил-қизлар асосан спорт йўналишига ўқишга топширади. Чунки бошқа факультетларда маърузалар кўп. Дарсларда эса имо-ишора таржимони бўлиши кераклигига эътибор берилмайди», — дейди у.

Университетни битиргач, ўқитувчи бўлишни истаган қаҳрамонимизнинг касб борасидаги танлови амалиёт давомида ўзгарган. Бунга мактаблардаги аҳвол, хусусан, устозларга муносабат, паст маошлар ва дарс жараёнида инклюзия билан боғлиқ тўсиқлар таъсир қилган.
“
Инклюзивлик ҳақида гап кетганда, кўпинча олий таълимда шароит яратиш масаласи кўтарилади. Аммо ўқиш имконияти билан бирга, ундан кейин муносиб иш топиш ва меҳнат фаолиятида бошқалар билан тенг имкониятларга эга бўлиш ҳам муҳим. Мутахассислар бошқа омиллар эмас, билими, тажрибаси ва малакасига қараб баҳоланиши керак.
У IT курсларига қатнаб кўрган, бир муддат реклама агентлигида ҳам ишлаган. Oрада телефонида хобби учун расмга олиб юрган Мурод 2021 йили ижтимоий тармоқларда заиф эшитувчилар учун фотография курси бўлаётганидан хабар топган. Унинг асосчиси — фотограф Ҳусниддин Атога қатнашмоқчилиги ҳақида ёзиб, курснинг 2022 йилдагисига қўшилган.

«Курсдагиларнинг кўпи ўтган йили ҳам қатнашган, аксарияти эса туғма эшитиш имконияти чекланган ўқувчилар эди. Биринчи дарсни камера созламалари ва ракурс танлашни ўрганишдан бошладик», — дейди у.

1,5 йил давом этган курс якуни бўйича Тошкент Фотосуратлар уйида кўргазма бўлиб ўтган. Унда 9 нафар ҳаваскор ёшлар, хусусан, Мурод Юсуфнинг ишлари ҳам намойиш этилган.
«Ўша махсус курс доирасида Gazeta`да амалиёт ўтай бошлаганман. Илк бор 2024 йил мартда, Миролим Исажонов билан рассом Акмал Нурнинг кўргазмасидан репортаж тайёрлаганмиз. Кейин ўзим олган сурат жойланган мақола сайтнинг бош саҳифасида турганини кўриб, ичимда қувонч капалаклари учган», — эслайди у.

Муроднинг фикрича, оммавий ахборот воситаларининг инклюзивликка бефарқ бўлмаслиги муҳим. Бу жамиятдаги стереотипларни ўзгартиришга, одамлар дуч келаётган тўсиқларга эътибор қаратиш билан бирга, тенг имкониятлар яратилишига ҳам хизмат қилади.

Айниқса, масъул идораю ваколатли шахслар ўз вазифаларини бажариши учун муаммо аввал оммага олиб чиқилиши, сўнг албатта юқоридан аралашув ва тегишли кўрсатма берилиши тенденцияга айланган бугунги шароитда ОАВнинг роли янада долзарб.
“
Бирор нарсанинг тўғрилигини англаш ва бу ҳақда гапириш, албатта, яхши. Лекин, менимча, айтилаётган гапларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, амалда унга қанчалик риоя қилиниши кўпроқ муҳим. Ногиронлиги бўлган инсонлар билан боғлиқ масалаларни мунтазам ёритиб келадиган Gazeta`ни мен мана шундай қуруқ гап билан чекланмайдиган, ёзаётганларига ўзи ҳам амал қиладиган нашрлардан деб биламан. Масалан, биргина инклюзивлик масаласида таҳририят нафақат мени, балки Мария Малиновская ва Гулноза Адҳам сингари ҳамкасбларимни ҳам қўллаб-қувватлаган — уларнинг фотолари сайтда чиққан.
2024 йилдан буён Gazeta`да Муроднинг турли мавзулардаги фоторепортажлари эълон қилиб келинади. Уларнинг орасида ҳайит намозидан, Бешёғоч бозоридан, қорли Тошкентдан, шунингдек, турли спорт мусобақаларидан олинган расмлар бор.

Шунингдек, у ХХV ёзги Сурдлимпия ўйинларини устози Ҳусниддин Ато бошчилигидаги жамоа билан бирга ёритган. Япониядаги сафари давомида эса у ва бошқа ижодкорларнинг 80 дан ортиқ ишлари «Ўзбекистонлик кар ва заиф эшитувчи фотосуратчиларнинг ижодий ишлари кўргазмаси»да намойишга қўйилган.
Муроднинг таъкидлашича, одамлар кўргазмаларда фотосуратларни томоша қилиб завқ олгани каби, ижодкор учун ҳам ижод жараёнининг мароқли кечиши ва ундан кўнгли тўлиши муҳим. Кадрлар мазмунли бўлса, бу завқ икки ҳисса ортади.

Мурод бу эйфорияни ҳозир ўзининг Nikon З6 ва З8 камералари орқали ҳис қилади. Олдинроқ эса у устозининг фотоаппаратидан фойдаланган. Ҳусниддин Ато у ва бошқа ўқувчиларидан фақат ўз техникаларинигина эмас, бир умр асқатадиган ижодий тавсияларини ҳам аямаган.
“
Бу касб менга ишонч ва севган ишим орқали даромад топиш имконини берди. Унгача ўзимни турли соҳаларда синаб кўрган бўлсам ҳам негадир кўнглим тўлмасди. Ўзи шунақа- инсон ўзини, ўзига мос ишни ва даврани топгунича кўп нарсани бошдан кечираркан. Жараёнда нимадир ўхшамаслиги, натижа турли бўлиши табиий ҳол. Асосийси, одам барчасини тажриба билиши ва ҳар қандай вазиятда ҳам йўлида давом этолишида, назаримда. Тўғриси, буларни ўзим ҳам энди-энди яхшироқ англай бошладим.
Шаҳарсозлик, инклюзивлик ва мулоқот
2025 йилнинг мартидан буён «Пахтакор» футбол клубининг фотографи сифатида фаолият юритаётган Мурод скутер, мопед ва электросамокатлар кўпайгани сабаб кўчада ҳаракатланиш хавфсиз эмаслигига эътибор қаратади. Бундан ташқари, пиёдалар йўлакларининг етарли эмаслиги, айрим жойларидаги узилишлар, қолаверса машиналарнинг йўлакчанинг қоқ ўртасига қўйилишини ҳам ҳал қилиниши керак бўлган муаммолардан деб билади.
Унинг фикрича, кўчада турли ёшдаги ва турли имкониятларга эга инсонлар ўзини хавфсиз ҳис қилиши керак. Шунчаки, бир манзилдан бошқасига етиб оламан деб йўлга чиққан одам бошқаларнинг қонунбузарлиги ва эътиборсизлигини деб уйига стресс билан қайтмаслиги керак.
“
Бир сафар орқамдан машина келаётганини сезмай қолганман. Ёнимдагилар мени йўлнинг четига тортиб олишган. Ҳайдовчи эса тўхтамасдан сўкиниб кетган. Мен унга ҳеч нарса дея олмай қолганман. Ўша пайтда мактаб кўчасида эдим, у ерда алоҳида пиёдалар йўлаги йўқ, кўча эса жуда ҳам тор эди.
Унинг қўшимча қилишича, одатда жамоат транспортидан фойдаланишда жиддий қийинчиликларга дуч келмайди. Иловалар борлиги боис транспорт қатнови ҳақидаги маълумотларни олишда муаммо йўқ. Аэропорт ва вокзалларда керакли ахборотни таблолардан олади.

Банк хизматлардан фойдаланиш ҳам унга қулай. Айниқса, ДХМда ёзма мулоқот ва онлайн навбат имконияти ишларни осонлаштиради. Кичик дўконларда нархларни сўрашга тўғри келиши сабабли бироз ноқулайлик сезади, йирик супермаркетларда эса бундай муаммо йўқ.
Энг катта қийинчилик эса тиббиёт муассасаларида юзага келади. Давлат шифохоналарида онлайн навбат тизимининг йўқлиги ва шифокорларнинг маълумотни етарлича тушунарли етказмаслиги хизматлардан фойдаланишини қийинлаштиради. Хусусий клиникалардаги мулоқот эса нисбатан қониқарлироқ.

«Гарчи, ҳозир ҳаммаси яхши бўлса-да, мен баъзан ўзимни «Осмондаги болалар»да айтилгандек -- вокзалда қолиб кетган йўловчи каби ҳис қиламан. Имо-ишора тилини мукаммал ўргана олмадим. Шу билан бирга, соғлом жамиятга ҳам киришиб кета олмаётгандекман. Бунга мулоқот сабаб бўлса керак. Менга телеграм орқали ёки умуман ёзма равишда гаплашиш қулай, телефондаги имкониятлардан эса бемалол фойдаланаман. Умуман олганда эса ҳали ҳаммаси янада яхши бўлишига, кун келиб ўз поездимга чиқишимга ишонаман», — дейди у.

Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Мумтозбегим / Gazeta


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda